Германияда депутат чақалоғи билан парламентда нутқ сўзлади (видео)
Олам
−
27 Сентябрь 5259 2 дақиқа
Жорий йилнинг 23 сентябрь куни Германия парламентининг қуйи палатаси – Бундестаг минбарида депутат Анна Штайнмюллер чақалоғи билан бирга нутқ сўзлади. Ушбу нутқ видеосини у ўзининг Instagram саҳифасига жойлади.
Штайнмюллер Германия Бундестагида минбарга чақалоғи билан чиқиб, нутқ сўзлаган биринчи депутат бўлган. У 2024 йилнинг декабрь ойида туғилган ўғлини кўкракда олиб юриладиган махсус сумкада кўтариб чиққан.
“Бу режалаштирилмаган эди. Мен ўғлимни у ухлаб ётгани учун олдим. Агар ҳозир уни бирор ҳамкасбимга берсам, уйғониб кетарди. Мен эса буни хоҳламадим”, дейди депутат.
Бундестаг президенти Юлия Клёкнер эса депутатлар болаларни эмизикли даврида умумий мажлис залига олиб кириши мумкинлигини айтган.
“Маълум шароитларда гўдакларнинг мажлис залида бўлиши мақбул деб ҳисоблайман”, дейди у.
Штайнмюллернинг нутқидан сўнг унинг “Яшиллар” фракцияси ҳам муносабат билдирган.
“Нутқ сўзлаймиз – шунда “қора-қизиллар” (депутатлар) уйғонсин, бола эса ухлаб ётсин. Бизнингча, ҳукумат ҳар куни иш ва бола тарбияси ўртасидаги мураккаб мувозанатни сақлашга мажбур бўлаётган миллионлаб инсонлар ҳақида кўпроқ гапириши керак. Шунинг учун сиёсий қарорлар фақатгина парваришлаш масъулияти бўлмаган одамларга қолдирилмаслиги керак”, дейилади фракция муносабатида.
Штайнмюллер ўз нутқида ногиронлар ва қариялар учун қулай яшаш шароитлари ташкил қилиш, талабалар ва касб-ҳунар ўқувчилари учун уй-жой масаласи ҳамда доимий равишда арзон уй-жой таъминоти мавзуларида гапирган.
“Германия аҳолиси қариб бормоқда, одамлар имкон қадар ўз уйларида қолишни хоҳлайди. Шу боис уйларда мослаштириш (масалан, ванна ўрнига душ қўйиш, зинага лифт ўрнатиш) дастурлари жуда муҳим. Бироқ аввалги дастур ҳукумат томонидан тўхтатилди. Оқибатда одамлар кутилган ёрдамни ололмаяпти”, дейди у.