Германияда ҳаво электротаксининг синови бўлиб ўтди
Олам
−
16 Май 2019
3417Германиянинг “Lilium” стартап-компанияси беш кишилик учадиган электр такси прототипини муваффақиятли ишга туширди. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.
“Lilium” компанияси ушбу қурилма 300 км / соатгача тезликда уч олиши мумкинлиги ҳақида маълумот тарқатган.
Учувчи электр такси синови Мюнхен яқинидаги Оберпфаффенхофен шаҳри аэродромида ўтказилган.
Компания асосчиси Даниел Виганднинг сўзларига кўра, 1,5 тонналик модель вертикал кўтарилиб, бир мунча вақт ҳавода муаллақ турган.
Шундан кейин, режалаштирилганидек, таксида бир неча марта манёврлар қилинган ва горизонтал парвозларни амалга оширган. Такси салонида йўловчи бўлмаган, қурилма масофадан бошқарилган.
2025 йилдан бошлаб бундай таксилар камида иккита шаҳарда тижорий парвозларни амалга ошира бошлайди.
Қурилманинг 36 та электр двигатели бор. Кутилганидек, у 300 км / соатга тезлаша олади ва бир соат давомида парвоз қилади.
“Келажакда “Lilium” учувчи машинаси вертолётдан кўра фойдалироқ бўлади. Чунки, унда механик бошқарув йўқ ва энергия тежамкорлик хусусиятига эга бўлади”, деган Даниел Виганд.
Компания ўз рейсларини брон қилиш тизимини яратишни истайди. “Мен самолётни бой шахсларга ёки компанияларга сотишимиз мумкинлигини истисно қиламан. Мақсад, аҳоли бизнинг самолётларимизни оддий таксидек брон қила олсин”, деган компания раҳбари. Унинг фикрича, аҳоли ушбу қурилмалардан катта шаҳар марказларида ҳам, инфратузилма бўлмаган қишлоқ жойларда ҳам фойдаланишлари мумкин бўлади.
“Lilium” стартапи 2015 йилда ташкил этилган. Хитойнинг “Tencent” компанияси ва бошқа инвесторлар компания ривожи учун 100 миллион доллардан кўпроқ маблағ ажратишган.
Ҳозирда “Lilium” офиси Оберпфаффенхофен шаҳрида жойлашган бўлиб, компания 300 га яқин ходимга эга.
LiveБарчаси