Германия Украинага TAURUS ракеталарини етказиб бермайди
Олам
−
14 Июль 4958 2 дақиқа
Россия Федерацияси томонидан ҳаво ҳужумларининг кучайиши ва Киевнинг бир неча бор илтимосига қарамай, Германия Украинага TAURUS қанотли ракеталарини етказиб бермайди. Бу ҳақда Германия Мудофаа вазири Борис Писториус кеча, 13 июль куни “Financial Times” газетасида чоп этилган интервюсида айтиб ўтди.
Аввалроқ Германия канцлери Фридрих Мерц Киевга TAURUS қанотли ракеталарини етказиб бериш ғоясига очиқ эканини бир неча бор очиқ айтган эди. Ўз навбатида, Москва бундай ҳаракатни Германиянинг урушга кириши деб ҳисоблаши ҳақида бир неча бор огоҳлантирган ва фақат немис армияси ушбу қурол тизимини бошқаришга қодирлигини даъво қилган.
Мерц 1 июль куни “Maischberger” дастурида меҳмон бўлиб, агар Украинага TAURUS ракеталари етказиб берилса, уларни немислар эмас, балки украиналик ҳарбийлар бошқаришини айтди.
Германия Мудофаа вазири Борис Писториус бугун, 14 июль куни Вашингтонда АҚШ Мудофаа вазири Пит Ҳегсет билан учрашиши кутилмоқда. Немис сиёсатчиси “Financial Times” нашрига берган интервьюсида тушунтирганидек, бу учрашувда у Американинг Европага ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича “йўл харитаси”ни муҳокама қилмоқчи.
Украинага Patriot тизимларини етказиб бериш
Суҳбатнинг яна бир мавзуси Украина ва Patriot ҳаво мудофаа тизимлари масаласи бўлиши керак. Берлин ўн иккита ҳаво мудофаа тизимидан учтасини Киевга топширган.
“Ҳозир Германияда фақат олтита Patriot тизими қолмоқда. Икки тизим фойдаланиш учун Польшага топширилди, бошқа тизим мавжуд эмас, чунки у доимий равишда техник хизмат кўрсатмоқда ёки машғулотларда қатнашмоқда. Бу ҳақиқатан ҳам жуда кам, айниқса НАТО мақсадларига эришмоқчи бўлганимизда. Биз, албатта, кўпроқ бера олмаймиз”, деди Писторус интервьюсида.
Шу билан бирга, Писториус Пит Ҳегсет билан ўтган ой унга қилган таклифини муҳокама қилмоқчи эканини таъкидлади: Германия Украинага етказиб бериш учун АҚШдан иккита Patriot тизимини сотиб олади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 13 июль куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Мэриленд штатидаги Эндрюс қўшма базасида Қўшма Штатлар Patriot ҳаво мудофаа тизимларини Украинага топширишини маълум қилганди.
Live
Барчаси