Германия Президентининг Ўзбекистонга ташрифи немис ОАВларида кенг ёритилмоқда
Жамият
−
28 Май 2019
3444Германия Федератив Республикаси Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг 27-29 май кунлари Ўзбекистонга уюштираётган расмий ташрифи Германия ОАВларида кенг ёритилмоқда.
Хусусан, “Bundesdeutsche Zeitung” газетаси эълон қилган мақолада Президент Франк-Вальтер Штайнмайернинг Ўзбекистонга расмий ташрифи чоғида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш имкониятларини ўрганиш мақсадида унга Германия бизнес доира ва маданий муассасалар вакиллари ҳамроҳлик қилиши айтилган, дейилади “Дунё” ахборот агентлиги интернет саҳифасида эълон қилинган мақолада.
Хабарда таъкидланишича, 2016 йилдан бошлаб Ўзбекистонда мамлакат иқтисодиётининг барча йўналишларини либераллаштириш бошланган. Нашр “Germany Trade & Invest” (GTAI) агентлигининг Марказий Осиё бўйича эксперти Уве Штробахнинг қуйидаги сўзларини келтиради:
“Хусусий сектор учун ишбилармонлик муҳити сезиларли даражада яхшиланган. Қабул қилинган янги қонунлар ҳуқуқий базани оптималлаштиради ва бюрократияк тўсиқларни камайтиради. Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотларни мисли кўрилмаган жадалликда олиб боряпти. Маҳсулотларни сотиб олиш ва божхона ҳужжатларини расмийлаштириш жараёни анча соддалаштирилган. Кўплаб соҳалар хусусий бизнес учун очиқ. Турли-туман лицензиялар ва тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи рухсатномалар бекор қилинган. Экспорт ва импорт лицензияларининг қисқартирилиши ҳисобига тижорий келишувларни амалга оширишдаги бюрократик амаллар тартибга солинган”.
Мақола муаллифи Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг изчиллик билан олиб борилаётгани хорижий давлатлар билан ҳамкорлик муносабатларини янада кенгайтиришга замин яратаётганини қайд этади. Турли соҳалар бўйича 2018–2020 йилларга мўлжалланган дастурларнинг умумий қиймати 30 миллиард доллардан зиёдни ташкил қилади. Немис компанияларига барча соҳалар бўйича режалаштирилган лойиҳаларда ўз вақтида иштирок этиш тавсия этилмоқда.
“dpa-AFX” ахборот агентлиги, “Handelsblatt” нашри, “Finanznachrichten.de”, “Wallstreet-Online.de”, “Boerse.de” порталлари ўз саҳифаларида эълон қилган мақолада эса Германия Федератив Республикаси Президенти расмий ташрифи чоғида 2016 йили давлат раҳбарлигига келган Президент Шавкат Мирзиёевни қўллаб-қувватлаш истагида экани ҳақида ёзишган.
“Шавкат Мирзиёев шу йилнинг январь ойида расмий ташриф билан Берлинда бўлди. Олий мартабали меҳмон шарафига Бельвю саройида ҳарбий қоровул саф тортди. Ўзбекистон Республикаси Президенти, шунингдек, канцлер Ангела Меркель билан ҳам учрашди. Экспертлар жуда қисқа муддатдаги жавоб ташрифи одатий тажрибага ўхшамайди, яъни ушбу ташриф Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг Германия томонидан фаол қўллаб-қувватланишидан дарак беришини англатади”, дейилади немис журналистлари мақолаларида.
Хабар келтирилишича, Франк-Вальтер Штайнмайер Тошкентда фуқаролик жамияти вакиллари ва зиёлилар билан ҳам учрашади. Ташриф якунида турли соҳалар бўйича ҳамкорликка доир келишувлар имзоланади.
LiveБарчаси