Германия Президенти Мадридга бориб, Тони Кроосни тақдирлади

Спорт

image

27 ноябрь куни Тони Кроос учун Мадриддаги “Сантьяго Бернабеу” стадионида махсус маросим бўлиб ўтди. Ушбу маросимда собиқ немис ярим ҳимоячиси Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер томонидан мамлакатнинг энг юқори мукофотларидан бири “Хизматлари учун” ордени ва рицарь хочи билан тақдирланди. Бу ҳақда AS хабар берди.

“Бу стадион 10 йил давомида менинг уйим бўлди. Бу ерда бўлиш, қадриятларни етказиш, клуб пойдеворига ҳисса қўшиш катта масъулият. Футболдан ташқари ҳаётнинг қандайлигини тушунишга ҳаракат қилдим ва бунга ҳамкорларим ёрдам берди”, дейди Тони Кроос.

Бу сафарги мукофот “Сантьяго Бернабеу” стадионида Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер томонидан топширилди. Маросимнинг Мадридда ўтказилишига сабаб Кроос нафақага чиққанидан бери пойтахтда яшаши ва Боадилья-дель-Монте шаҳрида ўз академиясини очганлиги бўлди.

“Германия Президентини уйимизда кутиб олиш катта шараф. Тони Кроос каби афсонани шарафлаш учун Бернабеуни танлагани учун миннатдорман. У “Реал Мадрид”нинг меҳнат ва қадриятларини ўзида мужассам этган футболчи. Қийинчиликларни енгиш, ҳурмат, бирдамлик булар Крооснинг руҳида. У фаолиятининг энг юқори чўққисида футболдан кетди. Биз Кроос билан фахрланамиз. У бизга унутилмас футбол совға қилди”, дейди “Реал Мадрид” клуби президенти Флорентино Перес.

“Бу буюк футболни шарафлаш учун энг муносиб жой. Кўплаб рақибларда қўрқув уйғотадиган бу стадионда тарихнинг нафасини ҳис қилиш мумкин. Тони Кроос нафақат майдон ичида, балки ташқарисида ҳам бирлаштирувчи куч бўлган футболчи. У Германия ва Испания ўртасидаги дўстликка улкан ҳисса қўшди”, дейди Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер.

Маълумот учун, Тони Кроос “Реал Мадрид” сафида 2014–2023 йиллар давомида ўйнаган. Шу давр мобайнида у жамоа билан 5 марта Чемпионлар лигаси ва 3 марта Ла Лига чемпионлик совринини қўлга киритган.


Мақола муаллифи

Теглар

Тони Кроос Германия Президенти ордени ва рицарь хочи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг