Германия Президенти Киевга ташрифини бекор қилди

Олам

image

Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер хавфсизлик нуқтаи назаридан Киевга ташрифини бекор қилди. Бу ҳақда Германиянинг “Bild” нашри хабар берди.

Маълумотларга кўра, Штайнмайер Киевга 20 октябрда келишни режалаштирган. Бироқ 18 октябрь куни у Германия хавфсизлик идораларининг сўнгги баҳоларига кўра сафарини бекор қилган. Бу қарор Қрим кўпригидаги портлашдан кейин Киев мунтазам ҳужумга учраётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Нашрнинг ёзишича, Штайнмайернинг ташрифи бир неча ҳафта давомида мувофиқлаштирилган ва унинг бекор қилиниши Украина расмийларининг ғазабланишига сабаб бўлган.

“Федерал Президент ташрифини бекор қилаётган бир пайтда, кўплаб хорижий дипломатлар ва меҳмонлар [Украина] пойтахтида борлигини кўрсатишни исташмоқда”, дейди исми ошкор этилмаган Украина расмийси.

Франк-Валтер Штайнмайер уруш бошланганидан бери бирор марта ҳам Украинага бормади. У апрелда келмоқчи эди, бироқ Украина расмийлари Штайнмайернинг ўтмишдаги “россияпараст позицияси” туфайли унинг ташрифини номақбул деб ҳисоблади. Шу боис Германия канйлери Шольц ҳам Киевга боришдан воз кечди.

Май ойи бошида Штайнмайер Украина Президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали гаплашиб олди. Томонлар “ўтмишни ортда қолдиришга келишиб олганликларини” айтишди. Шольц июнь ойида Франция ва Италия раҳбарлари билан бирга Киевга ташриф буюрган эди.

Август ойида Германиянинг Украинадаги элчиси Анка Фельдгузен Штайнмайернинг Киевга ташрифига тайёргарлик кўрилгани ҳақида маълум қилганди, бироқ у қачон бўлиб ўтиши мумкинлигига аниқлик киритмаган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

125

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг