Германия мигрантларга фуқаролик олишни соддалаштирмоқда
Олам
−
25 Ноябрь 2022
5570Германиянинг социал-демократлар, яшиллар ва либераллардан иборат янги ҳукмрон коалицияси мамлакат фуқаролигини олиш тартибини соддалаштириш, хусусан, икки фуқаролик имкониятига рухсат беришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Die Welt газетасига таяниб, EurAsia Daily нашри хабар берди.
Нашрда келтирилишича, Германия узоқ вақтдан бери Европада мигрантлар учун энг қулай манзил ҳисобланади. Германиянинг бўлажак ҳукумати амалдаги фуқаролик тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритиб, мамлакатни хорижликлар орасида машҳур қилишни режалаштирмоқда.
“Биз фуқароликни қабул қилиш бўйича замонавий ҳуқуқий тизимни яратяпмиз. Бунинг учун биз кўп фуқаролик имконини берамиз ва Германия фуқаролигини олишни соддалаштирамиз”, дейилади коалиция келишувида.
Шу билан бирга, фуқароликни олиш учун талаб қилинадиган Германияда яшаш муддати саккиз йилдан беш йилгача, айрим ҳолларда эса уч йилгача қисқартирилиши кутилаётгани кўрсатилган. Бундан ташқари, Германиянинг бўлажак Вазирлар Маҳкамаси муҳожирларнинг болаларига фуқароликни қабул қилиш бўйича қоидаларни қайта кўриб чиқиш ниятида.
“Германияда хорижлик ота-оналардан туғилган болалар, агар ота-оналардан бири Германияда беш йил қонуний истиқомат қилган бўлса, туғилганидаёқ Германия фуқароси бўлади”, дейилади нашр хабарида.
Томонлар, шунингдек, меҳнат муҳожирлари учун фуқароликни олиш тартибини сезиларли даражада соддалаштиришга, жумладан, уларнинг тил билиш даражасини пасайтиришга интилмоқда.
Германиянинг фуқаролик тўғрисидаги амалдаги қонунчилиги, қоидага кўра, келиб чиқиш принципига асосланади. Бу шуни англатадики, Германия фуқаролиги биринчи навбатда Германия фуқароси бўлган ота-онанинг келиб чиқиши асосида олинади. 2000 йилдан бошлаб эса, чет эл фуқароси бўлган ота-оналардан Германияда туғилган бола Германия фуқаролигини олиши ҳам мумкин бўлган эди.
Хусусан, саккиз йил давомида Германия Федератив Республикаси ҳудудида қонуний равишда доимий яшаб келаётган чет эл фуқароси немис тилини етарли даражада билса, жиноий ҳуқуқбузарлик содир этмаса, давлат ижтимоий таъминотига мурожаат қилмасдан мустақил равишда Германия фуқаролигини олиши мумкин.
Маълумот ўрнида, Германия фуқаролигига қабул қилиш, одатда, фуқароликка мурожаат қилган шахс ўзининг аввалги фуқаролигидан воз кечишини талаб қилади (истиснолар Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ёки Швейцария фуқаролари учун берилган).
Соҳиба Комиловна
LiveБарчаси