Германия канцлери коронавирусга чалинди
Олам
−
18 Декабрь 2023
5343Германия канцлери Олаф Шольц коронавирусга чалинди. Шунинг учун ҳам у масофадан туриб ишламоқда. Бу ҳақда канцлер Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.
"Бу мени хурсанд қиладиган сюрприз эмаслиги аниқ. Менинг COVID-19 тестим иккита чизиқни кўрсатди. Мен касалликнинг енгил ўтишини кутаман ва ҳозирча фақат столимдан туриб ишлайман", деб ёзган Шольц.
Германия Вазирлар Маҳкамаси расмий вакили Штеффен Хебештрайтнинг брифингда аниқлик киритишича, Шольц эртага, 19 декабрь куни Словакия Бош вазири Роберт Фико билан режалаштирилган учрашувни бекор қилган. COVID-19 тести қачон амалга оширилгани аниқ эмас. Хебештрайтнинг қўшимча қилишича, канцлер ўтган кузда COVID-19 га қарши эмланган.
Маълумот учун, Германия канцлери ўтган ҳафта Брюсселда бўлиб ўтган ЕИ саммитида иштирок этган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг сентябрь ойида АҚШнинг Биринчи хоними Жилл Байден ҳам СOVID-19 билан касалланганди. Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Жозеп Боррель эса коронавирусга чалингани сабаб Хитойга олдиндан режалаштирилган сафари бекор қилганди.