Германия Исроилга қурол сотиш чекловини бекор қилди
Олам
−
18 Ноябрь 1243 1 дақиқа
Германия ҳукумати Исроилга Ғазо секторида фойдаланиши мумкин бўлган қурол етказиб бериш бўйича тақиқни бекор қилди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.
Маълумотларга кўра, Исроилга мамлакат армияси Ғазо секторида фойдаланиши мумкин бўлган қурол етказиб беришга қўйилган тақиқни бекор қилган. Ҳукумат матбуот котиби Стефан Корнелиуснинг сўзларига кўра, қарор жорий йилнинг 24 ноябрь куни кучга киради.
“Исроил ва ҲАМАС ўртасида сулҳ сўнгги ҳафталарда барқарорлашди. Шу билан бирга, Германия ҳукумати қурол етказиб бериш учун ҳар бир аризани маъқулламайди, лекин қурол экспортининг ҳар бир ҳолатини алоҳида кўриб чиқишга қайтади”, дея қўшимча қилинади хабарда.
Корнелиус, шунингдек, Германия минтақада мустаҳкам тинчлик ўрнатиш устида ишлашда давом этишини ва аҳолига ёрдам беришини таъкидлаган. Исроил Ташқи ишлар вазири Гидеон Саар Берлиннинг қурол-яроғ таъминотига нисбатан чекловни бекор қилиш қарорини қўллаб-қувватлаган.
“Мен бошқа ҳукуматларни Германиядан ўрнак олиб, шунга ўхшаш қарорлар қабул қилишга чақираман”, деб ёзган у Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 8 август куни Германия Ғазо секторидаги вазият сабабли Исроилга қурол-яроғ етказиб беришни тўхтатган эди.
Бунёд Келдибоев
Live
Барчаси