Германия 30 нафар россиялик дипломатни персона нон грата деб эълон қилишни режалаштиряпти
Олам
−
26 Март 2023
6481Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Берлинда аккредитациядан ўтган 30 дан ортиқ россиялик дипломатни персона нон грата деб эълон қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда кеча, 25 март куни Ташқи ишлар вазирлигидаги манбаларга таяниб, “Focus” хабар берди.
Қайд этилишича, Германия хавфсизлик кучлари россиялик дипломатларни ўз мақомидан ноқонуний равишда фойдаланиб, сиёсий, иқтисодий, ҳарбий ва илмий маълумотларни қўпорувчилик ва дезинформация тарқатиш учун қўллаган, деб ҳисоблайди. Германия ҳукумати дипломатларни ҳайдаб чиқариш оқибатларини ҳам билади. Шунинг учун ҳам ҳозирча бу қачон амалга оширилиши очиқланмаган.
Манбага кўра, Германия ҳукумати ўтган йилнинг декабрь ойида Федерал разведка хизмати ходими Карстен Л. ҳибсга олинганидан сўнг, терговга кўра, Германия махсус хизматларида хавфсизлик чораларини сезиларли даражада кучайтиришга қарор қилган. Германияда Россия томонига Украинадаги HIMARS ялпи ракета тизимлари ва IRIS-Т ҳаво мудофаа тизимларининг позициялари тўғрисида маълумот беришга ҳаракат қилинган. Ҳодиса НАТО ҳамкорларини Берлинга махфий маълумотларни узатишни вақтинча чеклашига олиб келган. Германия хавфсизлик кучлари ҳозирда мамлакатда 160 га яқин россиялик разведкачи фаолият юритаётгани тахмин қилинмоқда.
Маълумотларга кўра, Карстен Л. ўзига қўйилган айбловлар ҳақида ҳозирча сукут сақламоқда. У федерал разведка хизматининг таҳлилий бўлимида ишлаган. Гумонланувчи Ғарбнинг бошқа разведка агентликлари томонидан немис разведкаси билан бўлишилган махфий маълумотларга эга бўлган.
Шунингдек, яна бир жосус Артур Э. жорий йилнинг 22 январь куни давлатга хиёнат ва Россия махсус хизматлари билан алоқа қилишда гумонланиб қўлга олинган. Германия Бош прокуратурасининг маълумотларига кўра, Карстен Л. махфий маълумотларни қўлга киритган ва Артур Э. эса уларни “Россияга етказиб берган”.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Эстония Ташқи ишлар вазирлиги россиялик дипломатлардан бирини мамлакатнинг “хавфсизлиги ва конституциявий тузумига путур етказувчи” хатти-ҳаракатлари туфайли чиқариб юбориш қарорини эълон қилганди.
LiveБарчаси