“Геноцид жонли эфирда”. Эрдўған БМТ минбарида Ғазодан суратлар кўрсатди (видео)

Олам

image

Бугун, 23 сентябрь Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида сўзга чиқиб, Ғазодаги вазиятни кескин қоралади ва мамлакатларни Фаластинни тан олишга чақирди. Унинг нутқи БМТнинг You Tube каналида жонли намойиш қилинди.

Эрдўған Ғазодаги очликдан азият чекаётган аёллар ва болаларнинг суратларини кўрсатиб, содир бўлаётган геноцид “жонли эфирда намойиш этилаётганини” айтди.

“Ғазодаги тиббий инфратузилма бутунлай вайрон қилинган, шифокорлар ё ўлдирилган, ё ҳибсга олинган. Ғазо секторидаги геноцид жонли эфирда намойиш этилмоқда. Икки ёшли қўлсиз ёки оёқсиз бегуноҳ болаларнинг суратлари, афсуски, Ғазода одатий ҳолга айланган. 2025 йилда бундай шафқатсизликка ақлга сиғадиган оқлов бўлиши мумкинми? Инсоният номидан айтаман: бу шармандали манзара Ғазода 23 ойдан бери ҳар куни кузатилмоқда”, дейди Туркия Президенти.

Шунингдек, Эрдўған Ғазода юзлаб одамлар, жумладан, болалар очликдан нобуд бўлганини қайд этди. У Исроилни журналистлар ва тинч аҳолини атайлаб ўлдиришда айблади. Эрдўғаннинг сўзларига кўра, Исроил ҳукумати қилаётган ваҳшийликлар бутун дунёда антисемитизмнинг кучайишига туртки бермоқда.

“Европа ва Америкада бола атиргул тиканидан яраланса, ота-оналарнинг қалби эзилади. Ғазода эса болаларнинг қўл-оёғи наркозсиз кесиб ташланмоқда. Биз бу ерда гапираётган пайтда Исроил тинч аҳолини ўлдиришда давом этмоқда”, дейди у.

Туркия раҳбари Исроил фақат Ғазо ва Ғарбий Соҳил билан чекланмаётганини, балки Сурия, Яман, Эрон ва Ливанга ҳам таҳдид солиб, минтақавий тинчликни хавф остига қўяётганини билдирди. Қатарга уюштирилган ҳужум эса исроиллик раҳбарларнинг бутунлай назоратни йўқотганини кўрсатишини айтди. Унинг сўзларига кўра, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху “на тинчликка, на гаровдагиларни озод этишга қизиқмоқда”.

Эрдўған, шунингдек, Эроннинг ядро дастури бўйича дипломатик ечим топилишига умид билдирди ва минтақа яна бир инқирозни кўтара олмаслигидан огоҳлантирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ражаб Тойиб Эрдўған Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси доирасида ўтказилган “Фаластин масаласига ечим топиш ва икки давлатли ечимни амалга ошириш” мавзусидаги халқаро конференциядаги нутқида Фаластин давлати тинчкликка эришиб, тўлақонли мустақил бўлмагунча, Туркия курашишда давом этишини айтгани ҳақида хабар берилган эди. Эрдўған ўз чиқишида Фаластин давлатини тан олган мамлакатларни табриклаб, бу қарор икки давлатли ечимни тезлаштиришини таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған Ғазо Геноцид БМТ Бош Ассамблеяси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг