Ўзбекистон гендер тенглик бўйича дунё рейтингига киритилмади
Олам
−
20 Декабрь 2019
6637Аёлларга эркаклар билан гендер тенгликка эришиш учун яна 100 йил керак бўлади деб тахмин қилиняпти. Бу ҳақда “Euronews” Швейцариянинг Бутунжаҳон иқтисодий форуми нодавлат ташкилоти тадқиқотига асосланиб хабар берди.
Ташкилот мутахассислари 153 та мамлакатда таълим, соғлиқни сақлаш, сиёсат, умрнинг давомийлиги, иқтисодиёт ва карьераларни ҳисобга олган ҳолатда жинслар ўртасидаги тенгликни солиштириб чиққан.
“Гендер тенгликка қатор омиллар таъсир қилади. Шулардан бири келажакда юз берадиган жамиятдаги ролларнинг қайта баҳоланиши. Хусусан, касбларни, талаб қилинаётган кадрлар ва даромадни кўриб чиқиш керак. Айни вақтда меҳнат ҳақи тез ўсаётган соҳаларда аёлларнинг улуши кам. Сунъий онг бўйича мутахассисларга келсак, аёлларнинг улуши 26 фоизга тенг, муҳандисликда 15 фоиз. Шу тариқа биз бу соҳаларда катта гендер фарқни кўришимиз мумкин”, дейди Бутунжаҳон иқтисодий форуми ҳузуридаги гендер тенглик бўйича тадқиқот раҳбари Саадия Зоҳиди.
Олимлар ижобий ўзгаришларни ҳам қайд этган. Жорий йилда сиёсатда машғул бўлган аёллар улуши ўсган. Бу соҳа асосан эркакларнинг фаолият майдони ҳисобланади. Бутундунёда парламентда фаол аёллар 25 фоизга етди. Бу ўтган йилга қараганда 1 фоизга кўп. Вазирликлардаги аёллар 21 фоизга етиб, ўтган йилга нисбатан 2 фоизга ошган.
Гендер тенглик бўйича дунё рейтингини ўтган йилдагидек Исландия бошқаряпти. Ундан кейин Норвегия ва Финляндия жой олган. АҚШ рейтингда 53-ўриндан, Россия 81-ўриндан жой олди.
Марказий Осиёдан Қозоғистон 72-ўринни, Қирғизистон 93-ўринни, Тожикистон 137-ўринни эгаллади. Ўзбекистон ҳисоботга киритилмаган. Сўнгги уч ўрин Покистон, Ироқ ва Яманга насиб қилган.
Тадқиқотларга кўра, соғлиқни сақлаш (97 фоиз) ва таълим соҳасида (96 фоиз) амалда тўла гендер тенгликка эришилган. Иқтисодиёт соҳасида кўрсаткич пасайган. Экспертлар фикрича, бу соҳада глобал гендер тенгликка эришиш учун 250 йил керак бўлади.
LiveБарчаси