Гендер тенглик аёллар ҳам эркаклар каби жиноят қилиши керак дегани эмас – Судья оғриқли мавзу ҳақида

Жамият

image

Ҳозирги кунда оммавий ахборот воситаларини кузатар экансиз "Янги Ўзбекистон" деган жумлага тез-тез дуч келасиз. "Янги Ўзбекистон"нинг асосий мақсадларидан бири эса қатъий қарорлар қабул қилиб, жамиятнинг ҳар бир жабҳасида гендер тенгликка эришишдир.

Бугун, 26 март куни Президентимизнинг 2020 йил 30 июндаги топшириғига мувофиқ тасдиқланган Тошкент шаҳрида жиноятларни жиловлаш, жиноятчилик профилактикасини янада такомиллаштириш, одил судловни таъминлаш ва коррупциядан ҳоли ҳудудга айлантириш бўйича Йўл харитасида белгиланган вазифалар ижроси доирасида судлар фаолиятининг очиқлиги, ошкоралиги ва шаффофлигини ошириш мақсадида жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди, фуқаролик ишлари бўйича Якксарой туманлараро суди, Тошкент туманлараро маъмурий суди ҳамда Тошкент туманлараро иқтисодий суди томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот бериш мақсадида ташкил этилган брифингда Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди раиси Толибжон Обидов оғриқли мавзу ҳақида фикр билдириб шундай деди.

"Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, сўнгги вақтларда аёллар ўртасида ҳам жиноятга қўл уриш ҳолатлари кўпайяпти. Ҳозир аёлларга кенг имкониятлар яратиляпти, енгилликлар бериляпти, лекин бу жиноятчиликка йўл очиб бермаслиги керак. Чунки, гендер тенглик дегани, эркак нечта жиноят содир этса, аёл ҳам шунча жиноят қилиши керак дегани эмас-ку. Жамиятда ҳаммани ўз ўрни бор ва ҳеч бир инсон шу ўрнини йўқотиб қўйиши керакмас", дейди  Толибжон Обидов

Йиғилишда Яккасарой туманидаги судларнинг йиллик фаолияти ҳақида маълумот берилди. Унга кўра, 2020 йилда Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судида 5787 та (2019 йилда эса 4170 та ) фуқаролик ишлари тамомланган. Бу ўтган йилги ҳолатга нисбатан 1617 тага, яъни 38,77 фоизга кўп.

Бундан ташқари, Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида 2020 йилнинг ўзида 279 та жиноят иши 389 нафар шахсга нисбатан кўрилган бўлиб, шундан 225 та иш бўйича 333 нафар шахсга айблов ҳукми чиқарилган

Шу ўринда жорий йилнинг 24 март куни Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг навбатдаги йиғилишида Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева оғир жиноятларга ҳам енгил жазо берилаётгани жиноятчиларнинг кўпайишига сабаб бўлаётганини таъкидлаб ўтганди. Бир савол туғилади: судялар ҳукм чиқараётганда кўпроқ виждонига таянадими ёки қонунга? Мазкур савол билан Толибжон Обидовга мурожаат қилдик.

"Судья ҳукм чиқараётганда виждонига ҳам қонунга ҳам қарайди. Чунки адолатли қарор чиқариш ҳар иккисига ҳам чамбарчас боғлиқ. Ўша ерда қандайдир статистика келтирилган бўлиши мумкин, лекин барча ҳолатларда ҳам бундай бўлмайди. Судья ишни кўриб чиққанидан кейин, ҳукм чиқариш учун унга индивидуал ёндашади. Қонунда шундай талаб борки, суд ҳукми қонуний, асосли ва адолатли бўлиши керак. Фемиданинг қўлида бекорга тарози турмайди. Жиноят ва унга берилган жазо тенг бўлиши керак. Яъни тарозининг бирор палласи босиб кетмаслиги лозим", дея жавоб берди Толибжон Обидов.

Судьянинг қўшимча қилишича, қачонки юқорида санаб ўтилган учта принципга амал қилинмаса, судья чиқарган ҳукм бекор қилиниши ҳам мумкин. Йиғилиш давомида жазодан норози шахслар бемалол ўз мурожаатларини апелляция тартибида киритишлари мумкин эканлиги таъкидлаб ўтилди.

Рўзимурод Бердиев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

31

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг