Газсиз қолишдан қўрққан ЕИ фавқулодда режани ишга туширди
Олам
−
09 Август 2022
13224Европа Иттифоқининг табиий газ истеъмолини камайтириш бўйича фавқулодда режаси бугун, 9 август куни кучга кирди. Режада Европа Иттифоқи давлатлари август ойи бошидан келаси йилнинг мартигача газ истеъмолини ихтиёрий равишда сўнгги беш йилдаги ўртача истеъмолга нисбатан 15 фоизга камайтириши назарда тутилади
Бундан кўзланган мақсад Россиядан газ етказиб беришнинг тўлиқ тўхтатилиши натижасида юзага келиши мумкин бўлган хатарларни камайтиришдир. Россиянинг Украинага қарши уруши фонида "Газпром" аллақачон газни Европа мамлакатларига етказиб бериш ҳажмини кескин камайтирган.
Еврокомиссияга кўра, ЕИ давлатлари жами 45 миллиард куб метр газни тежаши зарур. Германия 15 фоизлик мақсадни амалга ошириш учун газ истеъмолини тахминан 10 миллиард куб метрга қисқартириши керак.
Маълум бўлишича, агар газни тежаш имкони бўлмаса, кейинги қадам Европа Иттифоқи бўйлаб огоҳлантиришни ошириш ва газ истеъмолини камайтириш бўйича мажбуриятларни қўйиш бўлиши мумкин. Бу қадам Европа Иттифоқининг камида 15 мамлакати розилигини талаб қилади, бу эса ЕИ бутун аҳолисининг камида 65 фоизига тенг.
Шу билан бирга, Испания ва Италия каби баъзи ЕИ давлатлари газни тежаш режасидан озод бўлди ва истеъмолни 15 фоиздан камроқ қисқартириш ниятида. Ушбу фавқулодда вазият режаси бир йил давомида амал қилади.
Фарангиз Салимова
LiveБарчаси