“Газпром” танкерида оғир пулемётлар аниқланди

Олам

image

Россиянинг “Газпром” компаниясига қарашли Маршал Василевский газ ташувчи танкерига оғир пулемётлар ўрнатилгани маълум бўлди. Бу ҳақда “Meduza” хабар берди.

Нашр маълумотига кўра, жорий йилнинг май ойида Болтиқ денгизида олинган тасвирларда танкер бошқарув кабинасининг икки томонига биттадан 12,7 миллиметрли Корд йирик калибрли пулемёт ўрнатилгани, уларнинг ёнига эса қум қоплари жойлаштирилгани кўринади. Бу Россия фуқаролик кемасига оғир қурол ўрнатилган илк маълум ҳолат ҳисобланади.

Маълум қилинишича, 2025 йил августидан буён танкер бортида ФХХ, Росгвардия ва Россия Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари доимий равишда бўлиб келмоқда. Кема бортида бўлган 50 кишининг камида 24 нафари куч тузилмаларида хизмат қилган ёки хизмат қилмоқда.

Экспертларнинг фикрича, бундай пулемётлар ҳаво дронларига қарши самарали эмас. Бироқ танкер Калининград вилояти яқинида фаолият юритгани сабабли, бу қуроллар минтақани ҳимоя қилиш стратегиясининг бир қисми бўлиши мумкин.

Болтиқбўйи давлатлари разведка хизматларидан биридаги манба эса қуроллантириш Ғарбга сигнал бериш мақсадини ҳам кўзлаган бўлиши мумкинлигини айтган. Уларнинг фикрича, фуқаролик кемаларида оғир қуроллар мавжудлиги ҳақидаги хабарлар Ғарб давлатларининг бундай кемаларни тўхтатиш ёки текшириш бўйича хавф баҳосини оширади.

Маълумот учун, Маршал Василевский танкери “Газпром” компаниясига тегишли. Компания пулемётлар нима сабабдан ўрнатилгани ҳақидаги саволларга жавоб бермаган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг