Ғазодаги қирғиннинг охири кўринмоқда
Таҳлил
−
28 Ноябрь
163626 ноябрь куни Исроил ва Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилди. Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасидаги сулҳ битими 27 ноябрь тонгидан бошлаб кучга кирди. Исроилнинг Ливанга қарши тажовузини тўхтатган 13 банддан иборат сулҳ имзоланган бўлиб, унда томонлар қуйидагича мажбуриятлар олди. Сулҳга кўра, Ливан ҳукумати “Ҳизбуллоҳ” ёки Ливан ҳудудидаги бошқа қуролли гуруҳнинг Исроилга қарши бирон бир операция ўтказишига рухсат бермайди. Ўз ўрнида Исроил ҳам Ливандаги фуқаролик, ҳарбий ёки ҳукумат иншоотларига қуруқлик, денгиз ёки ҳаво орқали ҳеч қандай ҳарбий ҳужум уюштирмайди. Шартнома шартларига кўра, Исроил кучларининг бўлинмалари келаси 60 кун ичида Ливан ҳудудини тарк этади. “Ҳизбуллоҳ” эса ўз қўшинларини Исроил чегарасидан 30 километр узоқликдаги Литани дарёсигача олиб чиқиши лозим. Бундан ташқари, Қўшма Штатлар ва Франция минтақада барқарорлик ва фаровонликни таъминлаш учун Ливаннинг иқтисодий ривожланишини қўллаб-қувватлаш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларга раҳбарлик қилишга интилиши белгиланди. Шундай қилиб, 26 ноябрда икки ўртада ўт очиш тўхтади ва бу Исроилнинг Ливан ҳудудига 14 ой давом этган босқини якунлаганини билдиради. Агар сулҳ шартлари ҳеч қандай муаммоларсиз, кешилганидек адо этилса.
Эрон ва Исроил реакцияси
Эрон Ливан ва Исроил ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш келишувини олқишлади. Аммо ислом республикаси бу борадаги қатъий позициясини сақлаб қолишини яна бир бор эслатиб қўйди. Эрон Ташқи ишлар вазирлигининг тегишли баёнотида Эрон айни пайтда Ливан халқи ва мамлакатдаги қаршилик кучларига ҳар томонлама ёрдам беришда давом этиши маълум қилинди. ТИВнинг қайд этишича, минтақада тинчлик ва барқарорликни сақлаш, шунингдек, Ғазо секторидаги можарога барҳам бериш учун Исроилга босим ўтказиш вазифаси масъулияти халқаро ҳамжамият зиммасига юкланади. Шундан сўнг Исроил армияси аста-секин Ливан ҳудудидан чиқиб кетади ва ҳар икки томоннинг тинч аҳолиси тез орада ўз уйларига хавфсиз тарзда қайтиб, вайронага айланган объектларни қайта қуриши мумкин.
Нетаньяху эса АҚШга жараёнга қўшган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди. Аммо у ҳам кескинлик яна қайта авж олиши ва Исроил бу масалада ўзининг илгариги позициясига қайтишини инкор қилмади. У Исроил ўз хавфсизлигига таҳдид соладиган ҳар қандай зарбага қарши ҳаракат қилиш ҳуқуқини ва “Ҳизбуллоҳ” билан ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга амал қилиш эркинлигини ўзида сақлаб қолишини айтди. Келишув доирасида Исроил Бош вазири, шунингдек, мамлакат фуқароларига, агар “Ҳизбуллоҳ” ўзини қуроллантирса ёки чегара яқинидаги инфратузилмасини тикласа, Исроил Ливанда жанговар ҳаракатларни давом эттиришига ваъда берди.
Ғазога айланишига бир бахя қолган Ливан
Икки ўртадаги қарама-қаршилик тўхтатилиб, тинчликка эришилгани дунёда сўнгги пайт кечаётган ўта таранг вазиятни анчагина юмшатди. Аммо бунгача Ливанда жуда йирик йўқотишлар, жумладан инсон ҳаёти ва соғлиғи билан боғлиқ ҳалокатли жараён ва қатор инфратузилмаларда катта ҳажмдаги вайронкор ҳужумлар юз берди. Салкам 14 ой давом этган Ливандаги Исроил ҳужумларида камида 3,823 киши ҳалок бўлди ва 15,859 киши яраланди. Баъзи манбалар 900 мингдан 1 миллионгача аҳоли ўз уйини тарк этишга мажбур бўлгани ҳақида маълумот берди. Жорий йилда ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 79-сессиясида ташкилот Бош котиби Антониу Гутерриш Ливандаги воқеаларга тўхталиб, бу ерда жаҳаннам эшиклари очилаётгани ва ҳудуд иккинчи Ғазога айланиш эҳтимоли юқори эканини таъкидлади. Ўша пайт Исроилнинг Ливандаги босқинлари Гутерришнинг хавотирли баёнотини тасдиқларди. Мамлакатда Ғазонинг ўта аянчли тақдирининг такрорланиши эҳтимоли юқори эди. Ўтган йили октябрь ойида Ғазодаги қирғин бошланганидан кўп ўтмай, Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган, Ливанда жойлашган ва мамлакатнинг ҳарбий ва сиёсий тизимида муҳим аҳамият касб этадиган “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати ҲАМАС билан бирдамлик намойиш қилган ҳолда Шимолий Исроилга ракета ҳужумларини бошлаб юборди. Улар яҳудий давлати томонидан қамал қилинган анклавда фаластинликларни қўллаб-қувватлашни мақсад қилганини айтди.
Ўша вақтдан бери Исроил ҳарбийлари “Ҳизбуллоҳ” билан Исроил-Ливан чегараси орқали тинимсиз ўт алмашишни бошлади. Бу эса Ливан ва Исроил чегарасида икки томондан ҳам кўплаб тинч аҳоли ўз уй-жойларини ташлаб кетишига олиб келди. Жорий йилнинг ёзига келиб, можаро ўзининг энг ҳалокатли чўққисига чиқа бошлади. Кузга келиб эса Исроил барчани ҳам ҳайратга, ҳам қўрқувга солган ўзига хос услубдаги террор ва кенг қамровли ҳужумларни амалга оширишни бошлади. Хусусан, 17 сентябрь куни “Моссад” иштирокида амалга оширилгани айтилган технотеррор бутун дунёни жунбишга келтирди. Ливанда “Ҳизбуллоҳ”га алоқадор шахслар фойдаланиб келган пейжерлар номли алоқа қурилмаларининг оммавий портлаши кузатилди. Мазкур оммавий портлашлар туфайли икки кун давомида 40 га яқин киши ҳалок бўлган бўлса, жароҳатланганлар сони 3 ярим мингдан ортиб кетди. Тайваннинг Gold Apollo, Венгриянинг BAC Consulting компаниялари ўртасидаги алоқаларга бориб тақаладиган бу можаро якунда уларнинг ҳеч бири томонидан тан олинмади. Аммо Нетаньяху орадан маълум вақт ўтиб, пейжерлар портлашида Исроилнинг қўли борлигини ошкор қилди. Пейжерлар билан боғлиқ аянчли воқеадан сўнг, Исроилнинг кейинги нишони тўғридан тўғри “Ҳизбуллоҳ” раҳбарлари бўлди. 20 сентябрь куни Исроил мудофаа кучлари Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатининг таянчи ҳисобланган Байрутнинг Даҳия маҳалласига ҳаво ҳужуми уюштирди. Ҳужум оқибатида гуруҳнинг асосий етакчиларидан бири Иброҳим Оқил ва яна 10 га яқин юқори мартабали қўмондон ҳалок бўлди. Орадан кўп ўтмай, 27 сентябрь куни кечқурун Исроилнинг қирувчи самолётлари “Ҳизбуллоҳ” ташкилоти штаб-квартираси жойлашган Байрутнинг жанубий чеккасидаги аҳоли зич жойлашган Даҳия туманига камида 10 марта ракета ҳужуми уюштирди. Кейинчалик Исроилнинг мазкур зарбаси оқибатида “Ҳизбуллоҳ”нинг 32 йиллик етакчиси Ҳасан Насруллоҳ ҳамда унга ёрдам бериш учун Эрондан Ливанга жўнатилган Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони ўринбосари, генерал-майор Аббос Нилфорушан ҳалок бўлди. Бу вақтда “Ҳизбуллоҳ” жуда оғир тушкун даврни бошдан кечирар, ҳаракат ўз таркибини қайта тиклаш ва янги етакчи тайинлаш каби қийинчиликлар қаршисида қолди.
Насруллоҳнинг ўлими тасдиқлангандан сўнг кўп ўтмай янги эҳтимолий раҳбар номи ошкор қилинди. Бу Ҳасан Насруллоҳнинг амакиваччаси ҳамда Эроннинг “Қудс” кучлари собиқ қўмондони, 2020 йилда АҚШ ҳаво ҳужумида ўлдирилган Қосим Сулаймонийнинг куёви Сафи ад-Дин эди. Аммо Насруллоҳдан кейин у ҳам узоқ яшамади. 4 октябрга ўтар кечаси Исроил Ливанга яна ҳаво ҳужумлари уюштирди. Бу ҳужум нишони “Ҳизбуллоҳ”нинг потенциал янги етакчиси Сафи ад-Дин эканлиги айтилди. Манбага кўра, Сафи ад-Дин 4 октябрь куни Байрут жанубидаги Даҳия чеккасидаги ерости бункерида бўлиб ўтган “Ҳизбуллоҳ” раҳбариятининг йиғилишида иштирок этган. Айнан шу бункер Исроил мудофаа кучлари зарбаси нишонига айланганди. “Ахиос” портали Ҳошим Сафи ад-Дин жойлашган “Ҳизбуллоҳ” штаб-квартирасига 73 тонна портловчи модда ташланганини таъкидлади. 5 октябрь куни “Reuters” Ливан хавфсизлик тизимидаги манбаларга таянган ҳолда Сафи ад-Дин билан алоқа узилганини хабар қилди. “Ал Арабия” эса манбаларига таяниб, Сафи ад-Дин ўзининг ёрдамчилари, эронликлар ва “Ҳизбуллоҳ”нинг дала қўмондонлари билан бирга бўлган Байрут жанубидаги бункерга берилган зарбадан сўнг вафот этганини маълум қилди. Шундай қилиб, Исроил 2 ҳафта ичида “Ҳизбуллоҳ”нинг нақд 3 нафар янги раҳбарини ўлдиришга муваффақ бўлди. Бунгача эса ҳаракатга 32 йил давомида фақат бир раҳбар бошчилик қилиб келганди. Исроил ҳарбий кучлари – ЦАХАЛнинг бу ҳаракатлари унинг қудрати ва салоҳияти борасида кўпчиликда хавотир уйғотди. Аммо 3 нафар раҳбар жуда қисқа вақт ичида йўқ қилинишига қарамай, ҳаракат кейинги етакчини сайлашда давом этди. Наим Қосим инқироз ичидаги ҳаракатга бошчилик қилишни ўз қўлига олди. Янги етакчи дарҳол Исроил таҳдидига учради. Исроил Наим Қосим ўзидан олдинги раҳбарлар Ҳасан Насруллоҳ ва Ҳошим Сафи ад-Дин йўлидан борадиган бўлса, унинг лавозимда қолиш муддати бу ташкилот тарихидаги энг қисқаларидан бири бўлиши мумкинлиги билан таҳдид қилди. Бироқ Наим Қосим таҳдидга таҳдид билан жавоб қайтариб, Нетаньяху қачон ўлишини билмай қолишини, эҳтимол бу унинг қайсидир нутқида юз бериши мумкинлигини билдирди. Бундан ташқари, Наим Қосим “Ҳизбуллоҳ” собиқ раҳбари, Исроил томонидан йўқ қилинган Ҳасан Насруллоҳ олиб борган ишни давом эттиришга содиқлигини, Насруллоҳ йўлидан боришини маълум қилганди.
Тинчлик навбати Ғазогами
Исроилнинг Ливандаги босқини якунига етгач, бундай ҳаракатлар Ғазода ҳам тўхтатилиши борасида умид пайдо бўлди. ЦАХАЛ томонидан секторда содир этиб келинаётган геноцид ниҳоясига етиш эҳтимоллари ҳақида гап-сўзлар ва ҳатто расмий ҳаракатлар ҳам бошланиб кетди. АҚШ ва Исроил воситачи давлатлар – Миср, Қатар ва Туркия билан биргаликда яқин кунларда Ғазо секторида сулҳга эришишга ҳаракат қилишини маълум қилди. Шунингдек, у Вашингтон урушни тўхтатиш билан бирга ҲАМАС ҳаракатини Фаластин анклавидаги ҳокимиятдан четлатишни режалаштираётганини ҳам қўшимча қилди. Бундан ташқари, АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жейк Салливан Байден Ғазода сулҳга эришиш бўйича иш бошлашини маълум қилди. Салливанга кўра, Президент Байден 27 ноябрь куни Туркия, Қатар, Миср ва минтақадаги бошқа иштирокчилар билан мазкур масалада боғланишни ўз вакилларига топширади. Шундай қилиб, “Ҳизбуллоҳ” билан бошланган муроса йўли Ғазога ҳам бурилиш эҳтимоли йўқ эмас. Ҳар ҳолда Исроилни ҳисобга олмаганда, деярли бутун дунё 1 йилдан буён секторда давом этиб келаётган ўта жирканч геноцид, инсониятга қарши мисли кўрилмаган жиноятларнинг тугашидан манфаатдор.