Ғазода болалардан варрак учирмаслик сўралди

Олам

image

Ғазо секторида ота-оналарга фарзандларининг варрак учиришига йўл қўймаслик сўралди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Маҳаллий нодавлат ташкилотлар ва хайрия жамғармалари вакилларидан иборат халқ қўмиталари болаларни варрак учирмаслиги ҳақида огоҳлантириш берган. ҲАМАС манбасига кўра, бу чақириқ гуруҳ назоратидаги маҳаллий маъмурият билан келишилган.

Қайд этилишича, сўнгги бир ой ичида Ғазодан Исроил ҳудудига бир нечта варрак учиб ўтган. Уларнинг ёндирувчи моддалар олиб юргани аниқланмаган бўлса-да, чегара яқинидаги Исроил аҳолиси бундан хавотирга тушган.

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху аввалроқ Ғазодан Исроил томон варрак, шар ёки дрон учирилиши давом этса, бунга алоқадор шахслар нишонга олиниши ва варраклар учирилаётган ҳудудлар эвакуация қилинишини билдирган.

Ғазодаги маҳаллий қўмиталар эса болаларнинг варрак учиришини чеклашдан мақсад уларнинг ўйинини тақиқлаш эмас, балки хавфсизлигини таъминлаш эканини таъкидлаган.

Маълумот учун, 2018 йилда Ғазодан Исроил томон ёндирувчи моддалар ўрнатилган варрак ва шарлар учирилган. Ушбу ҳаракатлар оқибатида Исроил ҳудудидаги қишлоқ хўжалиги ерлари ва очиқ майдонларда ёнғинлар юзага келган.

ҲАМАС вакиллари эса Исроил варракларни Ғазодаги ҳарбий ҳаракатларини давом эттириш учун баҳона қилаётганини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир Ғазода ҳар кеча 30-40 кишини ўлдиришга чақиргани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг