Ғазо қамалини бузишни мақсад қилган ёрдам кемаси Италиядан жўнаб кетди

Олам

image

Халқаро фуқаролик ташаббуси Озодлик флоти коалицияси (Freedom Flotilla Coalition, FFC) кемаси Ғазо сектори аҳолисига ёрдам етказиш ва блокадани рамзий равишда бузиш мақсадида Италиянинг Катания портидан жўнаб кетди. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди.

Кеча, 1 июнь куни 18 метрлик “Madleen” елканли яхтаси Сан-Жованни Ли Кути портидан сузиб кетди. Кема бортида 12 нафар фаол, жумладан, швед экология фаоли Грета Тунберг ва ирландиялик актёр Лиам Каннингем бор. Сузиб кетиш олдидан портга йиғилган ўнлаб одамлар миссия иштирокчиларини қўллаб-қувватлашларини изҳор қилган. Намойишчилар Фаластин байроқларини кўтариб, Ғазони ҳимоя қилиш учун шиорлар айтган.

“Инсониятнинг бир томчи ҳам виждони қолса, биз Фаластин ва унинг озодлиги учун курашишга мажбурмиз. Мен шу ердаман, чунки бу бизнинг ахлоқий бурчимиздир. Бу миссия ҳукуматларимиз, корпорацияларимиз, институтларимиз ва оммавий ахборот воситалари иштирокида ўнлаб йиллар давомида Исроил томонидан қатағон, мунтазам очлик, этник тозалаш ва геноцидга учраган фаластинликларга бағишланган. Бу миссия қанчалик хавфли бўлса, дунёнинг геноцид қаршисида сукут сақлаши бундан ҳам хавфлироқдир”, деди “Озод Фаластин” ёзуви туширилган қора футболка кийган Тунберг.

Озодлик флотилияси коалициясининг расмий баёнотида айтилишича, “Madleen” яхтаси чақалоқ формуласи (кукунли сут), тиббий буюмлар ва бошқа муҳим инсонпарварлик буюмларини олиб юради. Кема халқаро сувлар орқали Европа Иттифоқи давлатларининг ҳудудий сувларини четлаб ўтиб, Ғазо қирғоқларига етиб бориш ниятида.

Баёнотда саёҳат зўравонликсиз, қуролсиз ва халқаро ҳуқуқ нормаларига тўла мувофиқ равишда амалга оширилгани таъкидланди. Миссияга ҳар қандай аралашиш тинч аҳолига ноқонуний ҳужум деб ҳисобланади. Тахминларга кўра, “Madleen” Ғазо қирғоқларига бир ҳафта ичида етиб бориши мумкин.

Бироқ ўтган ой Мальта яқинидаги халқаро сувларда ҳужумга учраган бошқа коалиция кемаси “Conscience” билан содир бўлган вазиятнинг такрорланиши хавфи мавжуд. Маълумотларга кўра, 2 май куни маҳаллий вақт билан соат 00:23 да гуманитар ёрдам олиб кетаётган “Conscience”га учувчисиз самолётлар ҳужум қилган. Оқибатда кеманинг корпуси шикастланган ва ёнғин чиққан.

“Times of Malta” нашрига кўра, воқеа содир бўлишидан бир неча соат олдин Исроилнинг ҳарбий C-130 транспорт самолёти Мальта ҳудудини уч соат давомида айланиб чиққан. Исроил давлат телевидениеси KAN бундай самолёт ҳақиқатан ҳам Мальта томон йўл олганини тасдиқлади, бироқ уларга кўра, кемага ҳужум бўлишидан олдин у Исроилнинг жанубий ҳаво базасига қайтган.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Италия Исроил Грета Тунберг Ғазо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг