Ғазодаги геноциднинг қонли бир йили
Таҳлил
−
08 Октябрь
1869Бир қамоқхонага қанча маҳбусни сиғдирса бўлади? 500 та? 1000 та? 2000 та? Аммо биз яшаётган сайёрада шундай қамоқхона борки, унда 2 млн дан ортиқ маҳбус сақланади. Банди қилинган мазкур миллион инсонлар бегуноҳ ва айбсиз эканлиги эса қалбларни жунбишга солмай қўймайди. Ҳа, салкам 20 йилдан буён 2 млн 300 минг мазлум ҳибсда сақланадиган мана шундай қамоқхона мавжуд. Дунёдаги энг йирик очиқ қамоқхона. Ғазо!!! Ғарбий ҳудудларини Тинч ва Атлантика океанларини боғловчи буюк сув манбаси – Ўртаер денгизи ювиб турадиган 365 кв км лик ҳудуд. Чегарасининг деярли ярми денгиз билан туташган бу жой бир қарашда кўркам ва курорт зона бўлиб кўриниши табиий. Унинг соҳиллари, пляжлари ва бошқа бир қанча алдамчи кўринишлари сектор ва ундаги 2 млн 300 минг аҳолининг аянчли ҳаёт тарзини имкон қадар пардалашга уринадигандек гўё.
Ғазо сектори. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг том тараша тушгандек пайдо бўлган Исроил давлатчилиги томонидан узоқ йиллардан буён зуғумга учраган, бўлиб юборилган ва топтаб ташланган Фаластин ерларининг бир қисми. Демократия, инсон ҳуқуқлари, фаровонлик ва эркинлик каби атамалар муаллифлари томонидан қўллаб-қувватланган Тель-Авивдаги босқинчи режим туфайли шу ҳолга келиб қолган ҳудуд. Аҳолисининг тенг ярмини мурғак болалар ташкил қиладиган, дунёдаги энг юқори ишсизлик даражасига эга, инсонларнинг 80 фоизи қашшоқлик даражасида кун кўрадиган, ҳар кунининг тенг ярмидан ортиғи электр токисиз ўтадиган Ғазо. 2007 йилдан буён нақд 17 йил давомида Исроил оккупантлари томонидан сув, ҳаво ва қуруқлик блокадаси остида яшаб, иқтисодий жиҳатдан абгор аҳволга келиб қолган, ташқарига чиқиш имкониятлари қатъий чекланган очиқ осмон остидаги Ғазо маҳбуслари.
Геноцид қонининг илк томчилари
Исроил босқинчи кучларининг фаластинликларга қилган 76 йиллик камситишлари, апартеид зулми, 1947, 1967 ва бундан кейинги йиллар ичида босқичма-босқич Фаластин ерларини ноқонуний тарзда оккупация қилиши, фаластинликлар учун Ғазо ва Ғарбий Соҳил каби бир-биридан анча узоқ бўлган икки ҳудуднигина қолдириши, 2007 йилдан буён Ғазо секторига сувдан, қуруқликдан ва ҳаводан герметик тўсиқ қўйиш ва бу орқали уларни азоблаб келишига бир кун келиб кучли реакция берилиши тайин эди. 2023 йилнинг 7 октябрида шундай воқеа юз берди. Ғазони идора қилувчи ҲАМАС ҳаракатининг қуролли кучлари Исроил босқини остидаги ерларга кириб келди. Улар 2000 йилларнинг охирида ёпилган чегаралардан ўтиб, яҳудийларнинг диний байрами арафасида ўз амалиётларини бошлади. Кўп йиллик зуғумларга нисбатан қилинган мазкур ҳужум 7 октябрь куни рўй бериб, унда Исроил аҳолисининг 1200 дан ортиғи ҳалок бўлгани ва 200 га яқин исроиллик ҲАМАС томонидан гаровга олиб кетилгани айтилди. Бир қатор дунё давлатлари ҲАМАСнинг мазкур ҳаракатини террорчилик акти дея малакалади. АҚШ Президенти Жо Байден ҳужумни яҳудийлар тарихида Холокостдан кейинги энг ҳалокатли воқелик деб атади. Аммо бундан-да аянчли ва даҳшатли фалокат энди АҚШ томонидан қучоққа олинган ва боши силаб сийпаланадиган бузғунчи режим томонидан амалга оширилиш арафасида эди. ҲАМАС ҳужумидан кўп вақт ўтмай, ЦАХАЛ кучлари 9 октябрь куни Ғазо секторини қамал қилишни бошлади, озиқ-овқат ва ёқилғи таъминотини тўхтатди ва бошқа мамлакатлар ва гуманитар ташкилотларни ҲАМАСни жанг қилиш учун воситалар билан таъминлашдан огоҳлантирди. 5 кун ичида Ғазодаги инфратузилмани етарлича шикастлаган Исроил кучлари 13 октябрь куни бу ерга 350 мингга яқин қўшин киритиб, “Темир қиличлар” операцияси номи остида дунё тарихидаги мисли кўрилмаган ғайриинсоний жиноятларни бошлаб юборди. Ғазо ҳудудида ҳар бир тонг бир неча ўнлаб инсонларнинг ўлимини қаршилаш билан бошланди. 23 октябрь куни Исроил “мудофаа” вазири Йоав Галант ҲАМАСга қарши сув, ҳаво ва қуруқликдан ҳужумлар бошланишини эълон қилди. Сектор бўйлаб эвакуация ҳаракатлари авж олди. Бир вақтнинг ўзида 1 млн дан ортиқ аҳоли босқин нуқталаридан бошқа ҳудудга кўчиши керак эди. БМТ бундай эвакуация ҳалокатли оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирди, аммо вазият аллақачон издан чиққан, сектор ичидаги фаластинликлар дарҳол Рафаҳга кўчиши лозим эди. 27 октябрь куни Исроил босқини кўлами янада кенгайди. Гуманитар ташкилотларнинг Ғазодаги озиқ-овқат занжири қил устидалиги ва сув захиралари бир неча суткагагина етиши ҳақидаги огоҳлантиришлари Исроил босқинчилари томонидан инобатга олинмади. ҲАМАСни йўқ қилиш ва ҳаракат томонидан асирга олинганларни озод қилиш баҳонасида тинч ва бегуноҳ аҳолини қирғин тегирмонидан ўтказиш ўта хунук тус олди.
Ноябрь ойининг биринчи ҳафтасига келиб, босқиннинг дастлабки ойи тугаш арафасида Ғазода ҳалок бўлганлар сони 10 мингга етди. Бир ой ичида 10 минг бегуноҳ қурбон. Бу босқин давридаги Исроил кучлари ваҳшийлигининг энг жирканч кўринишларидан бири эди. Мислсиз қирғинлар давом этаётган пайтда Қатар ва бошқа воситачиларнинг аралашуви билан ноябрь ойининг сўнгги 10 кунлиги бироз тинчроқ ўтди. Бу орада томонлар асирлар алмашинуви каби музокараларни амалга оширди. Аммо декабрь ойининг илк кунлариданоқ Исроил босқини яна қайта тикланди ва олдинги ойлардан кам бўлмаган жиноятлар билан давом этди. Улар дастлаб Ғазонинг жанубий қисмида жойлашган Хон Юнусда рейдлар ўтказа бошлади. Бир неча ой ичида геноцид масаласида мутахассисга айланган яҳудий босқинчилари сектор маркази бўлган Ғазо шаҳрини ҳам қамал қилишга киришди. 20 декабрга бориб, Ғазо секторида Нетаньяху режими томонидан ўлдирилган аҳоли 20 мингга яқинлашди. Энг аянчлиси эса уларнинг 7700 нафари болалар бўлса, 5 мингдан ортиғини аёллар ташкил этарди. Босқин давомида яраланганлар сони эса янада қўрқинчли рақамларни ташкил қилиб, жароҳатланган жами 52 минг бегуноҳларнинг 8 ярим мингдан ортиғи болалар, 6 мингдан ортиғи эса аёллар эди. Бедарак йўқолганлар бўлса, алоҳида мавзу бўлиб, ундайлар сони 8 мингдан ортиқни ташкил этарди.
Геноцид ўчоқлари
Исроилнинг шафқатсиз босқини остида қолган Ғазо сектори 5 та маъмурий ҳудудга бўлинади. Булар Рафаҳ, Хон Юнус, Дайр ал-Балаҳ, Шимолий Ғазо ва секторнинг маъмурий маркази бўлган Ғазо шаҳридир. Исроил геноциди бошланган илк кунлардаёқ мазкур ҳудудлар бирин-кетин қабристонга айланди. Айни дамда бу жойларни харитада акс эттирганда қизил, яъни қон ранги билан тасвирлаш хато бўлмайди. Қуйида эса сектордаги ушбу ҳудудлар кесимида Исроил босқинчи кучларининг энг мудҳиш ва ғайриинсоний тарзда содир этилган қирғинларига тўхталамиз.
Ғазо шаҳри. Дастлабки кунлардаёқ Исроил босқинчи кучларининг асосий нишони бўлган сектор маркази, кейинчалик Исроилнинг фаластинликларга уюштирган энг жирканч геноциди марказига айланди. Бир йилдан буён тинимсиз штурм остида қолиб кетаётган Ғазо шаҳри босқин давомида энг даҳшатли азоб-уқубатлар ва мисли кўрилмаган ҳалокатли зарбалар билан юзлашди. Октябрнинг илк кунларидан бошланган ҳаво ҳужумлари 17 октябрь куни ўзининг энг жадал нуқтасига чиқди. Шу куни яҳудий давлатининг босқинчи ҳаво кучлари Ғазо шаҳридаги ал-Аҳли Араб касалхонасига зарбалар йўллади. Мазкур қирғин оқибатида бир зумда 500 дан ортиқ фаластинликлар жон таслим қилди. Бу халқаро миқёсда Исроилнинг ҳаракатлари кескин қораланишига олиб келган бўлса-да, қирғинни тўхтатиш учун етарли даражада амалий ҳаракатлар қилинмади. Шундай қилиб, 17 октябрь куни шифохонада қилинган жирканч жиноят Ғазода узоқ давом этадиган мудҳиш геноциднинг дастлабки аниқ ишораларидан бири эди. Исроил босқини оқибатида секторда тарихдаги энг ёмон гуманитар инқирозлардан бири юз берди. Озиқ-овқат, тоза сув ва дори-дармонларнинг жиддий танқислигига олиб келган доимий блокада шароитида очлик ва ташналик ғазодагилар билан ёнма-ён юрди. Халқаро гуманитар ёрдам занжири эса барқарор бўлмади. Озиқ-овқат ва бошқа бирламчи эҳтиёжларни етказиб беришда доимий узилишлар кузатилди. Жумладан, жорий йил бошида 29 февраль куни Ғазо шаҳрининг жануби-ғарбий қисмига бир ой ичида илк ёрдам карвони келди. Оч-наҳор фаластинликлар ёрдам юк машиналаридан ун ва консерваларни ола бошлаган, аммо Исроилнинг босқинчи аскарлари уларнинг қўлидан ушбу маҳсулотларни тортиб олиб, кутилмаганда оломонни ўққа тутган. Ҳужум тўхтаганида, фаластинликлар юк машиналарига озуқа илинжида яна яқинлашган, аммо яҳудий аскарлар уларга қайтадан ўт очишни бошлаган. Маҳаллий шифохона раҳбариятининг сўзларига кўра, жароҳатларнинг аксарияти ўқ излари билан боғлиқ бўлган. Фаластинлик гувоҳнинг BBC’га маълум қилишича эса, ҳалок бўлганларнинг аксарияти юк машиналари томонидан атайин эзғилаб ўтилган. Ўшанда шифохонада қурбонлар ва яраланганлар учун тез тиббий ёрдам машиналари етарли бўлмагани учун баъзилар эшак араваларда шифохонага олиб келингани айтилган. Терактдан-да баттарроқ бўлган мазкур қирғинда 112 киши ҳалок бўлади, 280 киши жароҳатланади. Баъзи манбалар эса “ун қирғини” деб номланган ушбу геноцид актида яраланганлар сони 700 дан ортиқ бўлганини таъкидлайди. Шундай қилиб, фаластинликлар озиқ-овқат тарқатилади деган умидда йиғилган жойда босқинчилар томонидан қириб ташланади.
Исроил босқинчиларининг Ғазо шаҳридаги кейинги икки жирканч ҳаракатлари шифохона ва мактаб каби фуқаролик объектларида содир бўлди. Хусусан, жорий йилнинг 18 мартидан 1 апрелигача Исроил оккупантлари Ғазо шаҳридаги ал-Шифа тиббиёт мажмуасини нақд икки ҳафта давомида қамал қилиб, 400 фаластинликни ўлдирди. Исроил геноцидининг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлган ЦАХАЛ қўшини ал-Шифани тарк этганидан сўнг, шифохона ичида учта оммавий қабр топилди. Шунинг ўзи қирғин кўлами қай даражада бўлганидан далолатдир.
Ғазо шаҳридаги кейинги аянчли қирғин орадан анча вақт ўтиб, ёзда, 10 августда содир этилди. Исроил қотилларининг ҳарбий самолётлари бомдод намози пайтида Ал-Табаин мактаби ичидаги ибодат майдонини бомбалади. Мактабга қилинган ҳужум 100 дан ортиқ фаластинликларни, шу жумладан аёллар ва болаларни бу ҳаётдан олиб кетди.
Хон Юнус. Исроил қирғин операцияси бошлангандан буён Ғазо шаҳридан кейинги энг йирик қабристонлардан бири. Исроил босқинчилари Ғазо сектори жанубида жойлашган мазкур ҳудудда ўз ортидан бир қанча оммавий қабрлар қолдириб кетди. Бегуноҳлар жасади билан тўлган оммавий қабрлар. Хон Юнус шаҳарчасидаги мана шундай қабрлардан шу пайтгача 300 га яқин жасадлар топилди ва бу катта эҳтимол билан сўнгги қурбонлар эмас. Ҳудуддаги Носир шифохонаси эса айни дамда ҳужумлар оқибатида ўликхонага айланган. Хон Юнусда Нетаньяху режими томонидан уюштирилган энг йирик геноцид актларидан бири бу – Ал-Маваси қочқинлар лагерида содир бўлди. “Хавфсиз ҳудуд” дея кўрилган Хон Юнусдаги Ал-Маваси лагери 13 июль санасида қирувчи самолётлар ҳужумига дучор бўлди. 90 фаластинлик ҳаётига зомин бўлган бу ҳужумда яна 300 киши турли даражада яраланди. Исроил матбуоти эса ўзининг бу қирғинини ҳам ҳар доимгидек махсус операция деб атаб, бундан кўзланган мақсад ҲАМАС ҳаракати ҳарбий қаноти қўмондонларидан бирини йўқ қилиш бўлганини даъво қилди. Уларга кўра, нишон ҳалок бўлган юзлаб бегуноҳ фаластинликлар эмас, балки Муҳаммад Дейф исмли қўмондон бўлган. Аммо ҲАМАС бу даъвони рад этиб, ўша куни ҳеч бир раҳбар нишонга олинмаганини айтди. Биргина айбдорни жазолаш учун юзлаб, минглаб бегуноҳларнинг қони тўкилиши Ғазода ўтган бир йил ичида ҳайратланарли ҳодиса бўлмай қолди ва юқоридаги ҳолат ҳам шулар жумласидан эди.
Аммо Исроилнинг Хон Юнусдаги ғайриинсоний жиноятлари бу билан тугамади. 10 сентябрь куни яҳудий босқинчиларининг гильотинага айланган самолётлари Ал-Маваси лагерини яна нишонга олди. Хавфсиз бошпана илинжида шу ерда қўним топган фаластинликларнинг чодирлари бомбардимон қилиниб, 40 киши ўлдирилди ва бунинг оқибатида яна 60 киши яраланди. Ҳужум ўз ортидан бомбаларнинг чуқур кратерларини қолдирди. Баъзи мониторинг марказлари АҚШ ушбу жиноятда бевосита иштирок этганини таъкидлади. Чунки лагерга уюштирилган ҳужум бошқа геноцид актлари сингари Америкада ишлаб чиқарилган қуроллар билан амалга оширилган эди.
Дайр ал-Балаҳ. Ғазо секторидаги энг асосий ва йирик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиси. Геноцид бошлангандан буён бу ерда тўртта қочқинлар лагери фаол ишлаб турди. Нусейрат, Бурейж, Магази ва Дайр ал-Балаҳ каби бошпаналар босқиндан паноҳ бўлиши кўзда тутилганди. Лекин якунда ундай бўлмади. 8 июнь куни қирғин рамзига айланган Исроил қўшинлари Нусейрат қочқинлар лагерини ҳаво ва артиллерия зарбалари билан нишонга олиб, нақд 274 нафар фаластинликни ҳалок қилди. Энг ачинарлиси эса ҳалок бўлганлар ичида 64 нафар бола ва 57 нафар аёл бор эди. Бу ҳужум Дайр ал-Балаҳдаги энг мудҳиш воқеалардан бири бўлди. Бундан кейин ҳам мазкур ҳудудда бир нечта геноцид актлари уюштирилди. Хусусан, 17 август куни Дайр ал-Балаҳ ва Нусейрат қочқинлар лагерига қилинган бир қатор ҳужумлар ортидан қирққа яқин киши ўлдирилди. Исроил геноцид кучларининг кейинги нишони Дайр ал-Балаҳ шаҳридаги мактаб бўлди. Ҳужум оқибатида камида 30 киши ҳалок бўлди, 100 дан ортиқ киши жароҳатланди. Фуқаролик объектларини ўз ўлжасига айлантирган Исроил Дайр ал-Балаҳ шаҳрида мактаб, масжид, қочқинлар лагери, хуллас, одам қадами етган жамийки ерда кўз кўриб қулоқ эшитмаган қирғинлар уюштирди.
Шимолий Ғазо. Ғазо секторининг маъмурий маркази бўлган Ғазо шаҳридаги ҳар бир қарич ерни бегуноҳлар қонига булғаган Исроил унинг юқори қисмидаги Шимолий Ғазо ҳудудини ҳам аянчли аҳволга келтирди. Исроилнинг кейинги қирғини Ғазо шаҳридан узоқлашмаган ҳолда амалга оширилди. Сектор марказидан унча узоқ бўлмаган Жабалия қочқинлар лагери 31 октябрь куни Исроил ҳаво ҳужумлари остида қолди. Босқинчи ҳаво кучлари Жабалиядаги қочқинлар ўта зич жойлашган нуқтани ўққа тутди ва, асосан, аёллар ва болалардан иборат бўлган мингдан ортиқ бегуноҳни ҳалок қилди. Босқинчи яҳудий кучлар мазкур лагерга қилинган кенг кўламли ҳужумини ҲАМАС қўмондонларидан бири Иброҳим Ал-Биярини йўқ қилиш мақсади билан изоҳлади. Аммо юқорида айтганимиздек, бу ҳужумда 1000 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Орадан икки ҳафтадан бироз кўпроқ вақт ўтиб, 18 ноябрда Шимолий Ғазодаги БМТ томонидан бошқариладиган Ал-Фахура мактабига ҳам ҳаво ҳужумлари уюштирилди. Қочқинлар учун бошпана ролини бажараётган мазкур мактабда ўша куни Исроил ҳужуми ортидан 50 нафардан ортиқ бегуноҳлар қирилди ва 200 киши оғир жароҳатлардан азият чекди. Мактаблар халқаро гуманитар қонун остида ҳимояланган бўлса-да, Исроил ҳар доимгидек бундай тартибларга тупурди.
Рафаҳ. Ғазонинг энг чекка жанубий нуқтаси. Май ойининг сўнгги кунларида Исроил қирғин машинаси томонидан мажақланганидан сўнг бутун дунёга танилган ҳудуд. Қонга беланган ҳолда ижтимоий тармоқ юлдузига айланган шаҳар. 24 май куни Халқаро суднинг Исроилга қарши қабул қилинган қарорига қарамай, мамлакат армияси Рафаҳ шаҳрини ўққа тутишда давом этди. Ўз ўрнида ҲАМАС ҳам ушбу ҳужумга жавоб қайтарди ва 26 май куни Рафаҳдан Исроил томон 8 та ракета учирилди. Уларнинг бир нечтаси Исроил мудофаа тизими томонидан тутиб олинди. Шу куни Исроилнинг марказий қисмида сўнгги тўрт ой ичида биринчи марта ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш эълон қилинди ва сиреналар янгради. Аммо бу воқеа кейинчалик бутун дунёни ларзага солган Исроилнинг кейинги қирғини учун асос бўлиб хизмат қилди. 27 май куни Тель-Авивдаги жиноятчи режим Рафаҳ шимоли-ғарбидаги Тал ас-Султон ҳудудида ўрнатилган қочқинлар лагерига ҳужум қилди. Кенг кўламдаги бомбалар ёмғири оқибатида камида 35 фаластинлик ҳалок бўлди. Улар орасида аёллар ва болалар кўпчиликни ташкил этарди. Кейинроқ қурбонлар сони 45 нафарга етгани, яна 249 нафар фаластинлик яралангани маълум бўлди. Маҳаллий ахборот агентлигига кўра, чодир лагерига камида саккизта ракета билан ҳужум қилинган. Ҳужум оқибатида ёнғин чиққан ва чодирлардаги кўплаб бегуноҳ одамлар тириклайин ёниб кетган. Бу қирғин бутун дунёда, хусусан, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида қандай қабул қилингани ва бутун инсониятни қай даражада ғазаб отига миндиргани эса барчага маълум.
Тарих ҳеч қачон кечирмайдиган разил ва жирканч жиноятлар
Дунё Ғазо мисолида ер юзидаги энг жирканч ва разил жиноятлар гувоҳига айланди. Ўтган бир йил давомида Исроил жаҳолати ўзининг том маънодаги расво кўринишига чиқди. Бу ўзини инсон деб атайдиган жоҳиллар томонидан амалга оширилди. Тель-Авивда жиноятчи режим Ғазода 1 йил ичида ҳозиргача 41 минг 900 дан ортиқ бегуноҳ фаластинликни ўлдирди, ўтда ёқди. 97 мингдан ортиқ инсонни майиб-мажруҳ аҳволга келтирди. 17 мингга яқин мурғак қалб эгалари бўлган болалар ҳалок қилинди. 10 минглаб аёллар Исроилнинг қонли тегирмонида мажақланиб жон берди. 10 мингдан ортиқ инсон ном-нишонсиз тарзда ғойиб бўлди. Энг ачинарлиси эса оғир даражада жароҳатланганларнинг аксариятини болалар ташкил қилиб, улар орасида оёқ-қўлидан айрилган ва бутун умр майиб-мажруҳ ҳолда яшашга маҳкум бўлганлар талайгина. Бу эса Ғазодаги миллионланган фаластинликларнинг генофонди жиддий тарзда шикастланганидан далолатдир. Яҳудий давлати режимининг сон-саноқсиз яна минглаб қурбонлари гумдон қилинган оммавий қабрлар топилиши ва уларни қидириш ишлари эса ҳамон давом этиб келмоқда. Сектордаги гуманитар инқирознинг кўламини тасаввур қилиш борган сари оғриқли бўлиб бормоқда. Бу борадаги статистик маълумотлар эса деярли ҳар лаҳзада инсониятни жунбишга келтирмоқда.
Ортда қолган 1 йиллик қирғин давомида нақд 3654 та геноцид акти содир этилди. Ғазодаги инфратузилманинг 90 фоизи йўқ қилинди. Тураржойларнинг ярмидан кўпи, тижорат объектларининг 80 фоизи, мактаб биноларининг 87 фоизи, йўл тармоқлари ва экин майдонларининг 70 фоизга яқини буткул вайрон қилинди. Бир йил давомида секторга ўртача ҳар соатда 40 та бомба ташланди, 12 та бино вайрон қилинди, 15 киши ҳалок бўлди ва 35 киши яраланди. Буларнинг барчаси йил давомида ҳар бир 60 дақиқада рўй берди деганидир. Ташланган бомбаларнинг умумий оғирлиги эса 70 минг тоннадан ортиқ бўлиб, буларнинг 65 тоннаси атиги 90 кун ичида ҲАМАС етакчиларини йўқ қилиш баҳонасида тинч аҳоли устига ташланган. Бу инсоният тарихидаги энг улкан бомба ёмғири бўлиб, Иккинчи жаҳон урушида немис фашистлари томонидан Лондонга ташланган 20 минг тонналик миқдордан салкам 4 баробарга кўпроқдир. Ўтган бир йил давомида Исроил томонидан Ғазода қилинган қирғин, геноцид, аёвсиз ва шафқатсиз ҳужумларнинг даҳшатлари билан бирга ҳудуддаги ижтимоий ҳаёт ҳам дўзахга айланди. Жорий йил ёз фаслининг ўртасига келиб Ғазодаги болалар орасида ёппасига ўлим хавфи пайдо бўлди. Ўткир, ўта юқумли бўлган вирусли касаллик – полиомиелит бутун Ғазодаги болалар ҳаётига хавф сола бошлади. Марказий асаб тизимига кириб, нейронларда тарқалган ҳолда мушакларнинг фалажланиши ва келгусида кўп эҳтимол ўлимга олиб келувчи бу вирус Ғазодаги геноциднинг энг оғриқли жиҳатларидан бирига айланди. Хон Юнус ва Дайр ал-Балаҳдаги канализацияларда аниқланган ушбу вирус август ойи охирида Ғазода гўдаклардан тортиб 10 ёшгача бўлган 650 мингдан ортиқ болани зудлик билан эмлаш эҳтиёжини туғдирди. Бундан ташқари, Исроил босқинчи кучлари қудуқлар, сув ҳавзалари, насос станциялари ва қувур тармоқларини вайрон қилгани сабабли Ғазо секторининг жанубида сув инқирози кучайди. Исроилнинг Ғазода узоқ давом этаётган босқини оқибатида анклав жанубидаги Хон Юнус шаҳридаги бешта асосий сув омборидан тўрттаси вайрон бўлди. Қудуқлар, сув омборлари ва қувур тармоқларига зарар етказилиб, маҳаллий аҳоли деярли сув таъминотидан маҳрум этилди.
Шундай қилиб, Ғазо мана шундай даҳшатли гуманитар инқироз ва ижтимоий ҳаётнинг энг абгор кўриниши билан эсда қолмоқда. Ҳудудда Исроил томонидан содир этилган 3654 та геноцид актининг ҳар бири, унда ҳалок бўлган ҳар бир бегуноҳнинг алоҳида тарихи хотираларга абадий муҳрланди. У ердаги ҳар бир ўлим ўзига хос аянчли ва дилни хира қилувчи лаҳзаларга эга. Шу ўринда эса бугун Ғазодагиларнинг ичидан ўтаётган ҳисларни тасвирлаш учун бир воқеани ёдга олиш кифоя. Тарихга муҳрланган ва ҳеч кимнинг ёдидан чиқмайдиган, аниқроғи ҳеч ким унута олмайдиган мазкур мудҳиш ҳодиса Ғазо секторидаги Дайр ал-Балаҳда юз берди. Исроил қирғини бошлангач, шу ерга хавфсиз ҳудуд деган умидларда кўчирилган фаластинлик Муҳаммад Абу Ал-Қумсан ва унинг оиласи 12 август куни оғир мусибатни бошидан кечирди. 8 август куни эгизак фарзандли бўлган ота, 12 августда тўрт кунлик эгизаклари учун туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олиш мақсадида уйдан чиққанди. Аммо бироз вақт ўтиб ота уйга қайтганида, қўлида икки гўдакнинг гувоҳномасини тутганча хотини ва янги туғилган эгизакларининг ҳалок бўлганига гувоҳ бўлди. Унинг рафиқаси, фармацевт Жоумана Арафа тўрт кун олдин эгизакларни дунёга келтирганини Facebook’даги саҳифасида эълон қилган эди. Ал-Қумсан маҳаллий ҳукумат идорасига туғилишни қайд этиш учун кетганида уларни сўнгги бор тирик ҳолда кўрганди. Бу Ғазода Исроил томонидан содир этилган 3654 та геноцид ичидан фақат биргинасининг тарихи холос. Аслида ҳар бир қирғин қурбонининг мана шундан кам бўлмаган азоби, дард ва ситамлари бор.