Ғазо бўйича Тинчлик кенгаши таркиби эълон қилинди

Олам

image

АҚШ Ғазони бошқариш бўйича Миллий кенгаш ташкил этилганини эълон қилди ва Ғазо сектори бўйича АҚШ тинчлик ташаббусини амалга ошириш билан шуғулланадиган халқаро Тинчлик кенгаши таркибини маълум қилди. Бу ҳақда кеча, 16 январь куни Оқ уй сайтида эълон қилинган баёнотда айтилади.

Унга кўра, кенгашга аввал Фаластин миллий маъмуриятида юқори лавозимларда ишлаган Али Шаас раҳбарлик қилади. У Ғазода асосий давлат хизматларини тиклаш, фуқаролик институтларини қайта жонлантириш ва кундалик ҳаётни барқарорлаштириш учун масъул бўлади.

Баёнотда қайд этилишича, АҚШ Президенти Дональд Трамп ташаббуси билан тузилган Тинчлик кенгаши концепциясини амалга ошириш учун дипломатия, инфратузилма, ривожланиш ва иқтисодий стратегия соҳаларида тажрибага эга етакчилар иштирокида ижрочи орган шакллантирилган.

Тинчлик кенгашининг Ижроия кенгаши таркибига қуйидагилар киритилган:

  • АҚШ Давлат котиби Марко Рубио;
  • АҚШ Президентининг махсус вакили Стив Уиткофф;
  • Дональд Трампнинг куёви Жаред Кушнер;
  • Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блэр;
  • америкалик миллиардер Марк Роуэн;
  • Жаҳон банки президенти Аджай Банга.
  • АҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчисининг ўринбосари Роберт Габриэль.

Оқ уйнинг аниқлик киритилишича, Ижроия кенгашининг ҳар бир аъзоси Ғазони барқарорлаштириш ва узоқ муддатли ривожлантириш билан боғлиқ алоҳида йўналишга раҳбарлик қилади. Асосий вазифалар қаторида бошқарув салоҳиятини мустаҳкамлаш, минтақавий алоқаларни ривожлантириш, инфратузилмани тиклаш, инвестицияларни жалб қилиш, шунингдек, кенг кўламли молиялаштириш ва капитал сафарбарлиги кўрсатилган.

Тинчлик кенгашининг катта маслаҳатчилари этиб АҚШ Федерал харидлар хизмати комиссари Жош Грюнбаум ҳамда 2017–2021 йилларда АҚШнинг Исроилдаги элчиси Дэвид Фридман ҳузурида катта маслаҳатчи бўлиб ишлаган Арье Лайтстоун тайинланган. Оқ уй маълумотига кўра, улар кундалик стратегик раҳбарлик ва операцион фаолият, шунингдек, кенгашнинг дипломатик устувор йўналишларини амалда амалга ошириш учун жавоб беради.

Тинчлик кенгаши ва Ғазони бошқариш бўйича Миллий кенгаш ўртасидаги боғловчи шахс этиб болгариялик дипломат Николай Младенов тайинланган. У Ғазони бошқариш, тиклаш ва ривожлантириш жараёнларини мувофиқлаштириш, шунингдек, фуқаролик ва хавфсизлик тузилмалари ўртасидаги ҳамкорликни таъминлайди.

Бундан ташқари, Олий вакил офиси ва Ғазони бошқариш бўйича Миллий кенгаш фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун Ғазо бўйича алоҳида Ижроия кенгаши ташкил этилди. Унинг таркибига Стив Уиткофф, Жаред Кушнер, Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан, Қатарнинг юқори мартабали дипломати Али ал-Тавади, Тони Блэр, Марк Роуэн, БААнинг халқаро ҳамкорлик бўйича вазири Рим ал-Ҳошимий, Николай Младенов, тадбиркор Якир Габай ҳамда Нидерландиянинг собиқ бош вазири ўринбосари Сигрид Кааг киритилган.

Хабарда, шунингдек, Дональд Трамп бир кун аввал Ғазо секторида Тинчлик кенгаши тузилишини эълон қилгани қайд этилади. Унинг ташкил этилиши АҚШ тинчлик режасининг бир қисми бўлиб, халқаро кучларни жойлаштиришни ҳам назарда тутади.


Мақола муаллифи

Теглар

Ғазо Тинчлик кенгаши Ғазони бошқариш бўйича Миллий кенгаш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг