Ғазо болаларининг АҚШ ё Европа болаларидан фарқи йўқ, улар яшашга ҳақли – Эмина Эрдўған
Олам
−
22 Ноябрь 2023
3413Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг рафиқаси Эмина Эрдўған Американинг “Newsweek” нашрига берган интервьюсида Исроилнинг Фаластинга қарши давом этаётган ҳужумларидан чуқур хавотир билдирди. У Анқара фаластинликларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш учун саъй-ҳаракатларини давом эттиришини билдирди.
“Бугунги кунда Исроилнинг босиб олинган Фаластин ҳудудлари ва айниқса, Ғазо секторига 7 октябрдан бери уюштирган ҳужумлари ортидан биз уруш аёллар ва болалар учун қандай даҳшатли оқибатлар олиб келишига гувоҳ бўляпмиз”, дейди у.
Биринчи хонимнинг айтишича, Исроил Фаластиндаги тинч аҳолига мисли кўрилмаган бомба ва ўқлар ёғдирмоқда, бу барчани даҳшат ва хавотирга солмоқда.
Исроил армияси мактаблар, ибодатхоналар, муассасалар ва ҳатто гуманитар йўлакларни нишонга олиб, ўн минглаб ўлим ва жароҳатларга сабаб бўлмоқда.
У Исроил аскарлари Ғазодаги 35 шифохонадан 18 тасини, жумладан Турк-Фаластин дўстлик шифохонасини ишдан чиқарганини қўшимча қилган. Зўрлик билан кўчирилган 1,5 миллион ғазолик минтақада бошпана топа олмаётганини айтган.
“Булар орасида ҳомиладор аёллар, чақалоқли оналар ва алоҳида эҳтиёжли гўдаклар бор. Тасаввур қила оласизми, улар учун бу вазиятдан чиқиш қанчалик қийин?” дейди Эмина Эрдўған.
Биринчи хоним Туркиянинг фаластинлик болалар Украина, Европа, Америка, Туркия ёки бошқа мамлакатлардаги болалардан фарқ қилмаслигига диққат қаратган.
“Ҳар бир бола, қаерда туғилганидан қатъи назар, хавфсиз ва қулай уй-жой, яхши таълим ва соғлиқни сақлаш ҳуқуқига эга”, дейди.
Унинг сўзларига кўра, Исроил Ғазо секторида эркак ва аёл, болалар ва қариялар ўртасида фарқ қилмасдан, жамоавий жазолаш усулидан фойдаланмоқда.
“Ҳозир Ғазо секторида содир бўлаётган воқеаларни уруш деб бўлмайди. Илғор қурол технологияси билан бу давлат (Исроил) ташкилотнинг (давлат эмас) рефлексини намойиш этяпти”, дея қўшимча қилди у.
Исроил умуминсоний қадриятларни ва халқаро ҳуқуқни бузувчи, инсониятга қарши жиноятга тенг бўлган ҳарбий жиноятларни содир этмоқда.
“Биз бундай ваҳшийликларни фақат Фаластин, минтақа ёки мусулмон мамлакатларига тааллуқли муаммо сифатида кўра олмаймиз”, дейди у.
Эмина Эрдўған Туркиянинг минтақадаги инқироз ва муаммоларни ҳал қилишда муҳим давлатлардан бири бўлиб қолаётганини урғулаган. Унинг эслатишича, Туркия тинчлик ўрнатилган тақдирда Фаластин учун кафил бўлишга тайёр. Президентнинг рафиқаси Ғазо секторида узоқ муддатли тинчликка эришиш учун барча масъулиятли халқаро ўйинчиларни ҳамкорликка чақирди.
АҚШнинг Исроилга ҳарбий ёрдами кенгаяётганини изоҳлар экан, у можаро алангасини ёқиш бу қирғинда иштирок этиш билан баробар эканлигини айтган. Ўзини “Ғарб етакчиси” сифатида кўрсатаётган давлат томонидан Тель-Авивга кўрсатилаётган “доимий қўллаб-қувватлаш” Исроил-Фаластин можаросининг чуқурлашишига олиб келади ва глобал тинчлик ва тартиб учун хавф туғдиради.
Унинг сўзларига кўра, Туркия минтақада ва бутун дунёда адолатли ва мустаҳкам тинчлик ўрнатилишини истайдиган барча давлатларни Фаластин халқининг тинчликка бўлган чақириғига қулоқ солишга ва уни чўктирмасликка чақиради.
Шунингдек, Туркиянинг биринчи хоними Исроилнинг Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдамини тўсиб қўйиш сиёсатини “қабул қилиб бўлмас” деб атаган.