Ғазабланган Эрон Сулаймоний учун АҚШдан қасос олмоқчи
Олам
−
03 Январь 2020
16108Аввалроқ, АҚШ ҳарбийларининг Бағдод аэропортига берган зарбаси вақтида Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпусининг махсус “Қудс” бўлинмаси генерали Қосим Сулаймоний ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эдик.
Пентагон Сулаймонийни йўқ қилиш операциясига шахсан АҚШ Президенти Дональд Трамп буйруқ берганини маълум қилди.
“Қудс” бўлинмаси генерали Қосим Сулаймоний ўлдирилгач, Эрон АҚШдан ўч олишга ваъда берди. РИА Новостининг маълум қилишича, шахсан Эрон Олий раҳбари Оятулло Али Ҳоманаий учун қасос олишга ваъда берган. Бу ҳақда Эроннинг мақсадга мувофиқлик кенгаши котиби Муҳсин Ризоий маълум қилди.
“Шаҳид кетган Қосим Сулаймоний оға-инилари сафига қўшилди, у учун АҚШдан ўч оламиз”, деб ёзган Ризоий Twitter`даги саҳифасида.
Дональд Трамп Сулаймонийнинг йўқ қилиниши бўйича ҳеч бир изоҳ бермади. Вашингтонда кўпчилик Трампнинг қарорини қўллаб-қувватлаяпти. Шу билан бирга АҚШ қуролли кучлари юқори даражали ҳарбий шайликка келтирилган. Бағдодда дипломатик квартал ўраб олинган.
АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси эронлик генералнинг америкаликлар томонидан йўқ қилиниши йирик қуролли тўқнашувларни келтириб чиқариши мумкинлиги, Америка беқарор ҳаракатлардан тийилиши кераклигини таъкидлади.
Шунингдек, у Оқ уйдан парламентга воқеа бўйича батафсил маълумот беришни ва АҚШ қўшимча куч юборадими-йўқми аниқлик киритишни талаб қилди.
Маълумот учун, Қосим Сулаймоний Яқин ва Ўрта Шарқнинг энг кўзга кўринган кишиларидан бўлган. Унга Эроннинг хорижий давлатлардаги ташвиқотчилик ҳаракатларининг ташкилотчиси сифатида қаралган. АҚШ Бағдоддаги элчихонасига ҳужумда ҳам Сулаймонийнинг қўли борлигини аддао қилганди.
LiveБарчаси