Газ иттифоқи: Россия билан ҳар қандай иттифоқ манфаатларимизга тўғри келмайди

Жамият

Кунлар исиб, газ ва электр тармоғидаги узилишлар бироз яхшилангач, мазкур муаммонинг муҳокамаси ҳам бирмунча тингандек бўлди. Бироқ, қиш давом этмоқда ва ҳар йили такрорлаверади. Яъни, совуқ кунлар яна қайтади ва яна газ ва электр билан боғлиқ муаммолар “сув устига чиқиб қолади”.

Гарчи, яқинда Геология ва минерал ресурслар Давлат қўмитаси вакили Эркин Назаров Ўзбекистонда нефть-газ захираси 40 йилга етиши, қолаверса, янги конлар аниқланаётгани ҳақида гапириб чиққан бўлса-да, кўплаб мутахассислар, иқтисодчи экспертлар Ўзбекистоннинг Эниргия тармоғи жар ёқасида эканини айтмоқда. 

QALAMPIR.UZ Ўзбекистондаги электр-энергияси инқирози ва унинг туб илдизи мавзусида иқтисодчи, Тошкент амалий фанлар университети доценти Зокир Усмонов билан суҳбатлашди.

Унинг айтишича, муаммонинг асосий сабаби давлатда муайян бир сиёсий рақобатнинг йўқлигидир. Яъни, айрим аҳоли қатламларини манфаатини акс эттирадиган кучлар илгари сураётган турли хил дастурлар мамлакатдаги энергия таъминоти билан ҳисоблашмасдан ишлаб чиқилади ва ҳукумат томонидан маъқуллаверади.

“Муайян тармоқни 70% фоизга оширамиз, 3-4 баробар оширамиз, дейиляпти. Унинг энергия баланси қандай бўлади? Тармоқлараро баланс, деган тушунча бор, ахир. Хўп, бирор тармоқни мисол учун 50-70% га оширдик ҳам дейлик, лекин ўша тармоқнинг Ялпи ички маҳсулотдаги улуши 5% бўлиб, энергияни 50% истеъмол қилса, бу тўғрими? Ёки бўлмаса муайян бир ҳудуд ЯИМ 2% берсаю энергияни 20% истеъмол қилса, бу қай даражада тўғри бўлади? Шундан кейин қандай қилиб инқироз келиб чиқмаслиги керак?” деган саволни ўртага қўймоқда иқтисодчи. 

Иқтисодчи бу борада илмий, тизимли асосда ривожланиш йўқлиги, соҳа бўйича муҳим қарорлар мутахассислар билан маслаҳатлашмай туриб қабул қилинаётганини таъкидлади.

Шунингдек, экспертдан қуйидаги саволларга ҳам жавоб олдик:

“30 йилдан буён мустақил бўлсакда энг оғир йилларда ҳам Тошкентда чироқ ўчмаган. Бу [Ўзбекистоннинг – таҳр.] нафақат туристик балки сиёсий мавқега таъсир кўрсатади. Чунки элчихоналар ва ташкилотлар бор. Биз тушунамиз лекин улар қай даражада тушунади. Улар биздек фикрламайди”, дейди Усмонов.

Ўзбекистон сўнгги йилларда хорижий мамлакатлар ва халқаро молиявий ташкилотлардан миллардлаб доллар қарз олган. Осиё тараққиёт банки ва Жаҳон банки шулар жумласидандир. Пулларнинг катта қисми энергетикага сарфланаётгани айтилса-да, одамлар кундалик турмушида бунинг натижасини кўраётгани йўқ. Аксинча, пойтахт авҳолиси ҳам кунда бир неча соатлаб газ ва “свет”сиз ўтиришга маҳкум қилиняпти. 

Эксперт бу ҳақда гапираркан, олинаётган пул ва натижага қуйидагича таъриф берди. 

“Ҳозир 500 АҚШ доллари оляпмизда, унинг самараси 100 АҚШ доллари бўляпти”.

Маълумки, жорий ҳафта аввалида Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов Туркманистонга бориб, Президент Сердар Бердимуҳамедовни Ўзбекистонга қўшимча 20 млн куб метр газ (3 ойда жами 1,5 млрд куб метр) беришга кўндириб қайтди. Президент Администрациясидан айтишларича, агар бу лойиҳа амалга ошадиган бўлса, Ўзбекистонда қиш кунларида юзага келган газ муаммоси тўлиқ ҳал қилиниши мумкин. Хўш, бу ҳақда эксперт нима дейди? Зокир Усмновнинг фикрича, буни фавқулодда чора сифатида кўриб, вазиятдан чиқиш усули, дейиш мумкин. “Бу қисқа муддатда самарасини беради, лекин бу ечим эмас”, дейди у. 

Бир неча кунлардан буён Россия Президенти Владимир Путиннинг Россия – Ўзбекистон – Қозоғистон иштирокида газ иттифоқини тузиш таклифи ҳар учала мамлакатда диққат марказида бўлиб турибди. Ўзбекистонда жамоатчиликнинг кўп қисми, фаоллар бунга қарши. Усмонов ҳам уларнинг бири. 


“Россия билан ҳар қандай иттифоқ бизнинг манфаатимизга тўғри келмайди”, дейди эксперт.

Иқтисодчи, Тошкент амалий фанлар университети доценти Зокир Усмонов билан интервьюни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

343

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг