Газ бўйича сиёсий ўйинда ким ютади?
Таҳлил
−
21 Декабрь 2022
29966
Ҳар йил қиш келиши билан Ўзбекистон аҳолиси учун синов даври бошланади, десак муболаға бўлмайди. Бунга асосан газ ва электр танқислиги сабаб бўлади. Газ босимининг пасайиб кетиши натижасида одамлар совуқда яшашга мажбур бўлади.
Бу йил ҳам худди шундай шароитда бошланган қишда Ўзбекистон ёлғиз эмас. Бу йилги халқаро геосиёсий вазият газ муаммосини глобал ҳодисага айлантирди. Бундан айниқса Европа давлатлари ҳам азият чекмоқда. Россиянинг Украинада олиб бораётган уруши оқибатида Россия газига бойкот, Шимолий оқим газ қувурининг ёрилиб кетиши каби ҳодисалар газ муаммосини янада жиддийлаштирди. Россия газни Европага етказишнинг бошқа йўлларини излашга мажбур бўлаётган пайтда АҚШ ҳам Европа учун бошқа манбаларни таклиф қилаётгани қулоққа чалинмоқда. Шунингдек, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Туркия янги “газ ҳаби”га айланишига ҳаракат қилмоқда.
Хўш, газ бўйича бундай сиёсий ўйинларда алал-оқибат ким ютади? Бу лойиҳаларнинг амалга ошиш истиқболлари қандай? Марказий Осиё ҳақиқатан ҳам Европага газ етказиб беришда етакчига айланиши мумкинми? Бугунги мақолада шу каби саволларга жавоб излашга ҳаракат қиламиз.
Россия – Қозоғистон – Ўзбекистон газ иттифоқи
Ноябрь ойининг охирида Владимир Путин ва Қосим-Жомарт Тўқаев учрашувидан сўнг Россия газини ҳудудлар орқали ташиш бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун Ўзбекистон иштирокида “уч томонлама газ иттифоқи” ташкил қилиш таклифи ҳақидаги хабарлар пайдо бўлган эди. Ушбу лойиҳа дастлабки босқичда ўзаро мувофиқлаштириш механизмни яратишни назарда тутади. Бу лойиҳа дастлаб “уч томонлама иттифоқ” сифатида тушунилди ва унинг газ борасида эканлиги кейинчалик маълум бўлди. Шу сабаб анча баҳсларга ҳам мавзу бўлди.
Хусусан, Ўзбекистонда вужудга келган газ ва электр тақчиллиги билан бир пайтда пайдо бўлган бу хабарлар одамларда саволларни уйғотди. Ҳатто ушбу иттифоққа қўшилиш учун атайлаб тақчиллик яратилаётгани ҳам айтилди. Аммо бу гапларни Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов рад этди ҳамда электр узилишларда ташқи омиллар эмас, балки тизим сабаб эканини баралла айтди.
Шунингдек, Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ушбу иттифоқ доирасида ҳеч қандай сиёсий шартлар йўқлиги ҳақида ҳам гапирди. Бундан ташқари, Қозоғистон энергетика вазири Бўлат Акчулаковнинг сўзларига кўра, аслида уч томонлама газ иттифоқи масаласи муҳокама қилинмади. Унинг сўзларига кўра, барча муҳокамалар иккилик форматида бўлади. Яъни Россия – Қозоғистон, Қозоғистон – Ўзбекистон форматида. Ҳозирча шуни айтиш мумкинки, бу борада ҳали якуний қарор ёки лойиҳа қабул қилингани йўқ. Музокаралар эса давом этмоқда.
Туркияда газ ҳаби
Октябрь ойида Россия Президенти Владимир Путин “Россия энергетика ҳафталиги-2022” форумида нутқ қилган пайтда “Шимолий оқим” ва “Шимолий оқим 2” ўрнига Туркияда янги газ ҳабини ташкил қилиш ҳақида гапирди. Эртаси куни Туркия раҳбари билан учрашувда ушбу масала ҳам муҳокама қилинди. Ўз навбатида, Туркия лидери ҳам бу лойиҳани қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Бу ҳаб орқали Россия ва бошқа йўналишлардан келадиган газларни Европага тарқатиш режалари ҳам борлиги айтилмоқда. Ҳозирда Туркия Россия, Эрон ва Озарбайжондан газ импорт қилади ва шунингдек, газнинг аксарият қисми Европага Туркия орқали ҳам ўтади. Россия Туркияга 2021 йилда 26,3 миллиард куб метр газ етказиб берган ва бу Туркия газ импортининг 44,9 фоизини ташкил қилади. Бу газнинг бир қисми Жануби-Шарқий Европага айнан Туркия орқали ўтади. Эрондан йилига 10 миллиард куб метр газ импорт қилинади. Бу жами импортнинг 16 фоизини ташкил қилади. Шунингдек, Бакудан борадиган Онадўлиорти йўлаги орқали Озарбайжон гази Италия жанубигача етиб боради.
Россия иштирокида амалга ошириладиган ҳар қандай лойиҳа санкциялар остида қолиш хавфи борлиги сабабли рискли ҳисобланади. Ziemba Insights konsalting компанияси асосчиси Рейчел Зимбанинг фикрига кўра, Россия билан Европа ўртасидаги газ инқирози нарх борасидаги келиша олмаслик сабабли юзага келганлиги ортидан, Туркиядан борадиган рус гази учун катта талаб бўлмаслиги ва ҳажм оширилмаслиги мумкин. Бундан ташқари, Евроиттифоқ рус газини бошқа манбалар билан алмаштирганини ҳисобга олсак, ушбу қурилажак ҳаб келажаги қоронғулигича қолишини башорат қилиш мумкин.
Бундан ташқари, янги газ қувурларини ким қуриши масаласи ҳам очиқ қолмоқда. Болтиқ денгизидаги “Шимолий оқим”дан фарқли ўлароқ, Қора денгизда янги трубаларни қуриш анча мураккаб жараён ҳисобланади. Чунки Қора денгиз чуқурроқ ва каттароқ. Эски қувурлар орқали эса кенг ҳажмда газ етказиш имконсиз.
Россия Молия университети эксперти Станислав Митрахович фикрига кўра, Европада ушбу газга қизиқиш унча юқори бўлмаслиги мумкин. Чунки Туркия Европа жанубида жойлашган, Туркия орқали борадиган газ асосан жанубга етказилади. Европа жанубида йирик ишлаб чиқаришга эга ягона давлат Италия. Унинг ёнидаги давлатлар эса катта ҳажмда газга эҳтиёж сезмайди. Шундай экан, бу газ ким томонидан харид қилиниши масаласи ҳам очиқ. Жанубдан Шимолга, масалан, Германияга қараб газ етказиш учун инфраструктура зарур. У ҳал бўлган тақдирда ҳам Россия ва Ғарб муносабатлари ҳам катта роль ўйнашини ҳисобга олиш керак бўлади.
“Туркиядаги янги ҳаб орқали Россия Европанинг бир қимида мижозларни сақлаб қолишдан умидвор”, деб ҳисоблайди Митрахович. Шунингдек, Украинадаги воқеалар яхши томонга ўзгарадиган бўлса, бу йўлак орқали ҳатто даромад ҳам кўриш мумкин, деб ҳисоблайди эксперт.
Туркиянинг режалари қандай?
Эскпертларнинг фикрича, Туркия газ бўйича халқаро ҳаб бўлишга аввалдан ҳаракат қилган ва бунинг учун етарли асосларга эга: бир неча йўналишда Россиядан газ олади, Озарбайжондан икки йўналишда – Эрон орқали ва ўзининг сиқилган газ терминалларига эга. Бундан ташақари, Президент Эрдўған декабрда Туркманистонга ташриф буюриб, у ердан Каспий денгизи орқали Туркияга газ олиб бориш масаласини муҳокама қилишини маълум қилган.
Шунингдек, ўтган икки йил давомида Туркия Қора денгизда газ конлари топган ва улардан газ қазиб чиқаришни бошлайди. Мамлакатда юқорида таъкидланганидек, бир қанча газ ўтказгичлар мавжуд. Шу билан бирга мамлакат энергобалансида бошқа альтернативлар ҳам бор: кўмир, қайта тикланадиган энергия манбалари. Шунингдек, Озодликнинг 100 йиллиги шарафига 2023 йилда янги Аккуюда АЭС очилиши ҳам кутилмоқда.
Туркиянинг газ тарқатиш марказига айланиши унга Евросиё газ ўтгазчилари устидан назорат ўрнатишга ва нархларни Туркияда белгилашга имкон бериши мумкин. Бунинг учун эса, нафақат Россиядан, балки бошқа ҳудудлардан ҳам газ олиб келиш керак бўлади. Айтиш мумкинки, Туркия Президентининг Туркманистонга сафаридан мурод ҳам шундан иборат.
Туркман газидан умид қилса бўладими?
Бир ҳафта олтин Туркманистон ўзбекистонликлар учун нажот кемасига айланди. Айнан Туркманистон билан эришилган келишувга кўра, Ўзбекистондаги газга бўлган эҳтиёж қопланиши учун келаси уч ой давомида жами 1,5 миллиард куб метр газ етказиб берилади. Туркманистон минтақада газга бой давлатлардан бири ҳисобланади. Унинг газ захиралари 14 триллион куб метр деб баҳоланади. Йилига эса 83 миллиард куб метр газ қазиб чиқарилади. Россия билан солиштирганда, бу жуда кичик рақам. Россия йилига 700 миллиард куб метр газ қазиб чиқаради.
Ҳозирда АҚШ туркман газини Европага етказиш борасида таклифларни илгари сурмоқда. Аммо бунинг учун етарли инфратузилма яратиш қимматга тушиши мумкин. Бундан ташқари, Европа Иттифоқига Туркманистондан газ экспортига Россия, Хитой ва Эрон қаршилик қилади. Аммо ушбу ғояни амалга ошириш мумкин, деб ҳисоблайди МДУ эксперти Александр Кудрин. Лекин бунинг учун етарли инвестиция ва 3-4 йил вақт талаб этилади. Бундан ташқари, Каспий денгизи орқали туркман газини Озарбайжонга ва у ердан Туркияга, ниҳоят Европага узатиш учун Озарбайжондан кетган газ ўтказгичларни кенгайтириш талаб этилади. Бу эса анча қиммат лойиҳа. Бундан ташқари, юқорида айтганимиздек, Туркманистон қазиб чиқараётган газнинг учдан икки қисмини ташиб кетаётган Хитой, ўз газини экспорт қилишни истаётган Эрон ва Россия бунга қаршилик қилиши турган гап. Шундай экан, Туркманистондан Европа Иттифоқига газ экспорт қилиш лойиҳаси ҳам мавҳум лойиҳалардан бири бўлиб қолади.
Хулоса ўрнида
Хулоса ўлароқ мақоламиз сарлавҳасига қайтсак. Хўш, Марказий Осиё давлатлари Европа Иттифоқи учун янги газ манбаси бўла оладими? Бизнингча, йўқ. Чунки Европадан узоқда жойлашган Марказий Осиё давлатлари, Туркманистон ва Ўзбекистондан газ олиб кетиш жуда катта инвестицион лойиҳаларни талаб қилади. Бундан ташқари, Туркманистон газининг учдан икки қисми Хитойга, Ўзбекистон газининг эса махфий шартномалар асосида Россияга экспорт қилинаётгани фонида, ҳудудга янги мижознинг кириб келиши мавжуд геосиёсий вазиятда имконсиз ҳисобланади.
Туркияда ташкил қилиш режаланган газ марказининг келажаги борасида бирор башорат қилишга эрта, гарчи назарий жиҳатдан бу иш амалга ошишига ишонаётганлар бўлса ҳам. Бизнингча, ҳаммаси Ғарб ва Россия ўртасидаги муносабатлар келажагига боғлиқлигича қолади.
Жаҳонгир Остонов
LiveБарчаси