Гавжум лагерлар сабаб ғазоликлар хавфли шаҳарга қайтмоқда
Олам
−
12 Сентябрь 2025 2652 4 дақиқа
Ғазо қирғоғидаги вақтинча жойлашган лагерларда аҳвол шунчалик ёмонки, охирги кунларда Исроилнинг қаҳатчиликка дучор бўлган Ғазо шаҳрига йўналтирилган янги ҳужумидан қочган баъзи одамлар энди портлаётган бомбаларга қарамай, яна шаҳарга қайтишга мажбур бўлмоқда. Бу ҳақда суҳбатдошларига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Қочоқлар, асосан, Ғазо шаҳри ғарбидаги денгиз бўйи ва ёки жанубдаги Маваси ҳудудига йўналмоқда. Маваси –Исроил томонидан “гуманитар зона” деб белгиланган, денгиз соҳили ва қишлоқ ерлари бўйлаб чўзилган катта чодир шаҳарчаси. Бироқ бу ерга келган кўпчиликка чодир топилмади, сув таъминоти жуда кам, тиббий ёрдам етарли эмас.
“Икки кундан бери қуёш остида туриб жой қидирдим, тополмадим. Энди эса буюмларимни олиб, яна Ғазо шаҳрига қайтишга мажбур бўлдим”, дейди 35 ёшли Муҳаммад аш-Шариф.
У оиласи ва икки акаси оиласи билан 8 сентябрь куни шаҳарнинг Сабра туманидаги уйини ташлаб чиқди. Чунки Исроил самолётлари барча фуқароларга чиқиб кетиш ҳақида огоҳлантирувчи варақалар тарқатган эди. Шарифнинг айтишича, кўп машиналар йўқ қилингани ва ёқилғи йўқлиги сабабли Ғазо ичида саёҳат жуда қиммат ва секин кечмоқда. Улар барча буюмларини эшак аравасига юклаб, Мавасига йўл олган, лекин бу ерда ҳам чодир топа олишмаган.

“Бу ҳолат фақат бизники эмас, балки барчаники. Келишади, жой топишмайди, кейин яна хавфга қайтишади. Нима қилишни билмаймиз”, деди у.
“Reuters” кўриб чиққан сунъий йўлдош суратларида Маваси ҳудуди олдиндан ҳам чодирлар билан тўлиб кетгани акс этган. Қишлоқ ерлари етарли эмаслиги туфайли озиқ-овқат етишмовчилиги кучайган.
Исроил Ғазо шаҳрига ҳужумни август охирида кучайтирди. Расмийлар бу ҳаракатни ҲАМАСнинг 2023 йил 7 октябрдаги ҳужумида асирга олинганларни озод қилиш мақсади билан изоҳламоқда. Бироқ маҳаллий соғлиқни сақлаш идоралари фақат 11 сентябрь кунининг ўзида Ғазо шаҳрида 11, ал-Шати лагерида эса 5 киши ҳалок бўлганини айтмоқда.
Исроил аҳолини шаҳарни ташлаб кетиб, Мавасига кўчишга чақирмоқда. Лекин ҲАМАС назоратидаги ҳукумат маълумотича, 2 миллионлик аҳолининг 1,3 миллиони ҳали ҳам Ғазо шаҳри ва шимолда қолмоқда.
Сўнгги кунларда кўчиш тезлашди. Фақат 31 августдан 7 сентябргача 20 минг киши, кейинги уч кунда яна 25 минг киши шаҳардан чиққани қайд этилган.
Бироқ БМТнинг гуманитар агентликлари Мавасини “гуманитар зона” деб аташни рад этди:
“Бу ердаги хизматлар миқёси ва сифати мавжуд аҳоли учун ҳам етарли эмас, янги келаётганлар ҳақида гап бўлиши мумкин эмас”, дейилган баёнотда.
Исроил армияси эса бу ҳудудда жой ва таъминот етарлилигини айтиб, янги чодирлар, озиқ-овқат ва тиббиёт марказлари ташкил этилаётганини таъкидламоқда. Бироқ Исроил уруш давомида бир неча марта “бехатар зона” деб эълон қилинган ҳудудларнинг ўзига ҳам зарба берган.

Мавасидаги одамлар орасида торлик сабабли келишмовчиликлар бошланаётгани айтилмоқда.
“Жой йўқ. Келган одамлар қаерда яшайди? Инсонлар ўзаро жанжаллашмоқда”, деди маҳаллий фуқаро Абу Фадий Абу Уда.
Кўпчилик эса яна Ғазо шаҳрига қайтишни маъқул кўрмоқда.
“Ер йўқ, чодир йўқ, ҳатто сув ҳам йўқ. Энди яна ортга қайтяпмиз”, деди кўчаётган оиладан бирининг вакили Ахмад Абу Дейя.
Баъзилар учун энг катта тўсиқ – кўчиш харажатлари. Йўл 600-700 долларга, янги чодир эса 1000-1200 долларга тушмоқда. Бу эса кўпчилик учун топиб бўлмас маблағ.
UNICEF вакилларининг айтишича, Мавасида ҳатто йўл четларида ҳам чодирлар тикилган. Сув ва бошқа асосий эҳтиёжлар йўқ.
“Ҳар гал янги кўчиш бўлса, оилалар энг ёмон ҳолатдаги ерларга жойлашишга мажбур бўлади”, деди ташкилот вакили Тесс Инграмс.
Айни пайтда, кўп маротаба кўчишга мажбур бўлган оилалар, хусусан, болали хотин-қизлар бу ҳолатдан қаттиқ чарчаганини айтмоқда.
“Урушни тўхтатинг. Бас қилсин. Жуда чарчадик. Ҳеч қаерда хавфсизлик йўқ”, деди Райда ал-Фар, чиқиндихона ёнидаги кичик чодирида нон пиширар экан.
Live
Барчаси