Гарвард антисемитизм ва исломофобия учун узр сўради
Олам
−
30 Апрель 5876 3 дақиқа
Aлaн Гарбер бошчилигидаги Гарвард университети раҳбарияти АҚШнинг энг қадимий олийгоҳи атрофида юзага келган антисемитизм ва исломофобия ҳолатлари бўйича ички тергов натижаларидан сўнг расмий узр сўради. Бу ҳақда университет томонидан эълон қилинган баёнотда келтирилган.
“Биз жамиятимиздан кутилган юксак талаб ва умидларни баъзи ҳолларда оқлай олмаганимиздан афсусдамиз”, деди Гарбер ўз баёнотида.
Ушбу текширувлар 2023 йил 7 октябрдан кейин – ҲАМАС жангчиларининг ҳужуми ва Исроилнинг жавоб амалиётидан сўнг Гарбер томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳлар томонидан олиб борилган. Ҳисоботларга кўра, яҳудий ва мусулмон талабалар ўз эътиқоди ёки миллатига оид фикрларини очиқ айтишдан қўрқиб, таҳдид ёки четланишга учраган.
Натижада икки алоҳида ҳисобот тайёрланган:
- Антисемитизм бўйича ҳисобот – 311 саҳифа;
- Исломофобияга оид ҳисобот – 222 саҳифа.
Иккала ҳисоботда ҳам кампусдаги маданият ва университет раҳбариятининг вазиятга жавоби танқид қилинади. Комиссиялар 2024 йил баҳорида иш бошлаган ва 500 дан ортиқ талабалар, битирувчилар ва ходимлар билан 50 дан ортиқ учрашувлар ўтказган. Улар фактларни текшириш билан эмас, балки одамларнинг шахсий ҳикояларини эшитиш ва уларни қайд этиш билан шуғулланган.
Асосий аниқланган ҳолатлар:
- Яҳудий талабалар, айниқса ўзини сионист деб билганлар 2023 йил 7 октябрдан кейин диний ва сиёсий эътиқодларини яширишга мажбур бўлган;
- Исроиллик талабалар ўзларини четлаштирилган ҳис қилган;
- Мусулмон, араб ва фаластинлик талабалар дискриминация, нафрат, ўзини цензура қилиш, бегоналик ҳисси ва сиёсий фикр билдирганлик учун жазоланишдан хавотирда эканини айтган;
- Мусулмон талабаларнинг 47 фоизи ўзини жисмоний жиҳатдан хавфсиз ҳис қилмаслигини билдирган;
- 92 фоиз эса сиёсий қарашларини ифодалаганининг ўқиш ёки мартабага таъсиридан хавотирда.
Трамп ва Гарвард орасидаги қарама-қаршилик
Аввалроқ, Трамп маъмурияти талабаларнинг Фаластинни қўллаб-қувватловчи норозилик намойишларида иштирок этишини баҳона қилиб, бир қатор университетлар, жумладан Гарвард университетига федерал молиялаштиришни музлатиш билан таҳдид қилган эди. Расмийлар, шунингдек, фуқаролик ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунларга риоя қилишларини таъминлаш учун Гарвардга турли ташкилотлар томонидан ажратилган 8,7 миллиард доллардан ортиқ грантларни текшираётганини айтди.
Бунга жавобан Гарвард университети Трампнинг университетни “ислоҳ қилиш” талабларини бажармаслигини билдирди. Гарвард профессорлари федерал жамғармалар бўйича терговга қарши даъво аризаси билан мурожаат қилди.
Трамп маъмурияти, ўз навбатида, 2,2 миллиард долларлик федерал маблағлар тўхтатилиши ва 60 миллион долларлик шартноманинг тўхтатилишини эълон қилди.
Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливиттнинг айтишича, музлатиш антисемитизм қонунларига риоя қилишни таъминлаш учун қилинган. АҚШ Солиқ хизмати, шунингдек, Гарвард университети учун солиқ имтиёзларини бекор қилишни кўриб чиқаётганини айтди.
Live
Барчаси