Ғарб Россияга ҳужум қилиш ниятидами? Сўз Байденга
Олам
−
22 Февраль 2023
12747Ғарб давлатлари Россияга ҳужум қилишни режалаштирмаган, улар устидан назорат ўрнатиш ёки уни йўқ қилишга интилмаган. Бу ҳақда АҚШ Президенти Жо Байден кеча, 21 февраль куни Варшавада сўзлаган нутқида айтиб ўтди.
“Россия халқига яна бир бор мурожаат қиламан: АҚШ ва Европа давлатлари Россия устидан назорат ўрнатиш ёки уни йўқ қилишга интилмаяпти. Ғарб Россияга ҳужум қилишни режалаштирмаган”, дейди у.
У Украинадаги ҳозирги вазиятни фожиа деб атади. Байденнинг сўзларига кўра, Россиянинг “махсус ҳарбий амалиёт” ўтказишига ҳеч қачон эҳтиёж бўлмаган.
“Фақат қўшнилари билан тинч-тотув яшашни истайдиган миллионлаб Россия фуқаролари [бизнинг] душманимиз эмас”, дейди Америка раҳбари.
АҚШ Президентининг фикрича, Россия Украинадаги можарога чек қўйиши мумкин. Шу билан бирга, Байден таъкидлаганидек, агар Украина [ҳозирги шароитда] Россия Федерациясидан ўзини ҳимоя қилишни тўхтатса, бу Украинанинг тақдирига нуқта қўяди.
“Шунинг учун биз биргаликда Украина ўзини ҳимоя қила олишини таъминлаймиз”, деб қўшимча қилди Оқ уй раҳбари.
Унга кўра, Россия Украинадаги можарода ғалаба қозона олмайди.
“Россия ҳеч қачон Украинани мағлуб эта олмайди. Ҳеч қачон”, дейди Байден.
Сешанба куни эрталаб Россия президенти Владимир Путин Федерал Мажлисга йўллаган мурожаатида Россия ўзининг “тарихий ерларидаги одамларни ҳимоя қилиш, ўз хавфсизлигини таъминлаш ва Украинанинг амалдаги расмийлари томонидан таҳдидни бартараф этиш учун “махсус ҳарбий операция” бошлаганини айтди. Унинг таъкидлашича, Москва операция вазифаларини босқичма-босқич, аниқ ва изчил олиб боради.
LiveБарчаси