Ғаниев ва Давлетов Сенатга ҳисоб беради
Жамият
−
27 Январь 2022
11545Жорий йилнинг 3 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлиси чақирилади. Бу ҳақда бугун, 27 январь куни Сенат кенгаши мажлисида қарор қабул қилинди.
Навбатдаги ялпи мажлисда бир қатор масалалар кўриб чиқилиши назарда тутилган. Хусусан, Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев ҳамда Адлия вазири ўз масъулиятидаги соҳада амалга оширилган ишлар бўйича ахборотини ўқиб эшиттиради.
Қайд этилишича, ялпи мажлисда “Географик кўрсаткичлар тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар ва ўзгартиш киритиш ҳақида”ги ва “Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар муҳокама этилади.
Шунингдек, “Фуқароларнинг ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунлар ҳам кун тартибига киритилган.
Бундан ташқари, сенаторлар “Халқаро меҳнат ташкилотининг Қурилишда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси тўғрисидаги 167-сонли Конвенциясини (Женева, 1988 йил 20 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги ва “МДҲ иштирокчи-давлатларининг сохта товар белгилари ва географик кўрсаткичлардан фойдаланишнинг олдини олиш ва унга чек қўйиш бўйича ҳамкорлиги тўғрисидаги Битимни (Минск, 2021 йил 28 май) ратификация қилиш ҳақида”ги қонунларни кўриб чиқадилар.
Ялпи мажлисда 2017–2021 йилларга мўлжаллаган Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг ижроси бўйича Вазирлар Маҳкамаси ҳисоботи, Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниевнинг қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш ҳамда шу мақсадда ажратилган маблағлардан фойдаланиш самарадорлиги тўғрисидаги ахбороти ва Адлия вазирининг 2021 йилда давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилиши режалаштирилган.
Шунингдек, мамлакатда газ баллонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситаларининг хавфсизлигини таъминлаш ҳолати ва соҳага оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳамда Интернет жаҳон ахборот тармоғида ёшлар ва вояга етмаганлар учун миллий контентни ривожлантириш, уларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданияти ва зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш масалалари юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровлари юбориш масалалари ҳам муҳокама қилинади.
Сенаторлар оқова сув тозалаш иншоотларида вужудга келаётган муаммо ва камчиликларнинг атроф муҳит ҳамда аҳоли саломатлигига таъсири юзасидан ҳукуматга юборилган парламент сўрови натижаларини ҳам кўриб чиқадилар.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича комиссиясини ташкил этиш тўғрисидаги масала юзасидан Сенат Раиси биринчи ўринбосарининг маърузаси тингланади.
Ялпи мажлис икки кун давомида онлайн тарзда ўтказилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь