Ғалладан бўшаган майдонларнинг ярми карантинда қийналганларга бўлиб берилади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 24 апрель куни аҳоли бандлигини таъминлаш ва иқтисодиёт тармоқлари фаолиятларини тиклаш масалалари муҳокамасига бағишланган навбатдаги видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

22 апрель куни ўтган видеоселектор йиғилишида иқтисодиёт тармоқларини барқарор ишлатиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари Самарқанд ва Наманган вилоятлари мисолида муҳокама қилинган эди. Бу галги йиғилишда Фарғона ва Қашқадарё вилоятларида шу борада амалга оширилаётган ишлар кўриб чиқилди.

Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва ички бозорда нархлар барқарорлигини сақлаш – энг долзарб масала. Бу борадаги катта резервлардан бири эса боғ ва токзорлар қатор ораларидир.

Фарғона вилоятида 34 минг гектар, Қашқадарёда 22 минг гектардан ортиқ майдонларда боғ ва токзорлар бор. Лекин ҳар йили фақат 20 фоиз қатор ораларига экин экилади, холос.

Шундан келиб чиқиб, ушбу вилоятлар ҳокимларига мавжуд боғ ва токзорлар қатор ораларига тўлиқ экин экилишини ташкил қилиш, шу орқали аҳоли бандлигини таъминлаш вазифаси қўйилди.  

Фойдаланишдан чиққан ва лалми ерларда қудуқ қазиб, аҳолига бўлиб бериш зарурлиги қайд этилди. Бунинг учун Фарғонага 15 миллиард сўм, Қашқадарёга 11 миллиард сўм ажратилган.

Кам таъминланган оилаларга қорамол, парранда ва асалари уяси тарқатиб, кооперация асосида аҳоли бандлигини таъминлаш, маҳсулот етиштиришни кўпайтириш бўйича топшириқлар берилди.  

Бу йил сув камлиги сабабли Ўзбекистон, Учкўприк, Ёзёвон, Қўштепа, Миришкор, Нишон, Муборак ва Касби туманларида такрорий экинларни суғоришда қийинчиликлар бўлиши мумкин. Шу боис ушбу ҳудудларда сув кам талаб қиладиган, экспортбоп дуккакли экинлар экиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Ғалладан бўшаган майдонларнинг 50-60 фоизига фермер ўзи ишчилари билан экин экиши, қолган қисмини карантин шароитида вақтинча ишсиз қолган ва кўмакка муҳтож аҳолига бўлиб беришни ташкил этиш вазифаси юклатилди.

Фарғона ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимлари карантин қоидаларига амал қилган ҳолда корхоналарни ишга тушириш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан ҳисобот берди.

Шунингдек, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида эҳтиёжманд оилаларга манзилли моддий кўмак бериш борасидаги ишлар, тадбиркорлар илгари сурган ташаббуслар ҳақида айтиб ўтилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

142

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг