“Галатасарой” футболчиси пул тикиш можароси сабаб терма жамоадан четлатилди

Спорт

image

Туркия футбол федерацияси (ТФФ)  мамлакатда давом этаётган пул тикиш бўйича тергов доирасида гумонланаётган “Галатасарой” ҳимоячиси Эрен Элмалини миллий терма жамоа таркибидан чиқариб ташлаганини маълум қилди. Бу ҳақда “Turkiye Today” нашри хабар берди.

ТФФ баёнотига кўра, 1024 нафар футболчи Футбол интизоми йўриқномасининг 57-моддасига асосан эҳтиёт чораси сифатида Профессионал футбол интизом кенгашига юборилган. Федерация тергов натижасида профессионал лигаларда ўйинчиларнинг гаров фаолияти билан боғлиқ далиллар топилганини маълум қилди.

Унга кўра, Элмалидан ташқари Иззет Челик (U-21) ва Эге Албайрак (U-19) ҳам ўз терма  жамоалари таркибидан четлатилган.
24 ёшли Эрен Элмали ижтимоий тармоқларда эълон қилган баёнотида ўзининг терговга тортилганини тасдиқлади, аммо бу ҳолат “тахминан беш йил олдин” содир бўлганини айтди.

“Менинг исмим бу файлда ўз жамоам билан боғлиқ бўлмаган ўйинга қўйилган битта гаров туфайли тилга олинган. Ўшандан бери мен ҳеч қачон пул тикиш фаолиятига алоқадор бўлмаганман”,  дейди футболчи.

Тергов ТФФ томонидан футболчилар орасидаги ноқонуний пул тикиш амалиётларига қарши олиб борилаётган кенг қамровли кампаниянинг бир қисми ҳисобланади. Мутасаддилар ҳозирча иш тафсилотларини тўлиқ ошкор этмаган, бироқ бу воқеа турк футболи тарихидаги энг йирик интизомий суриштирувлардан бири сифатида қайд этилмоқда.

Маълумот учун, Эрен Элмали Туркия терма жамоаси билан Жаҳон чемпионати саралаш доирасида 3 та учрашувда майдонга тушган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия ҳукумати футбол ўйинларига ноқонуний пул тикишда айбланган саккиз кишини, жумладан, юқори даражадаги клуб раҳбарини ҳибсга олган, Туркия футбол федерацияси (ТФФ) 1024 нафар футболчини тергов якунига қадар вақтинча футбол фаолиятини тўхтатган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия пул тикиш “Галатасарой” Эрен Элмали

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг