Габоннинг ағдарилган президентига мамлакатни тарк этишга рухсат берилди
Олам
−
07 Сентябрь 2023
2747Габондаги ҳарбий қўзғолон ташкилотчилари лавозимидан ағдарилган мамлакат президенти Али Бонго Ондимбага мамлакатни тарк этишга рухсат берди. Бу ҳақда давлат тўнтаришига раҳбарлик қилган генерал Брис Олигуи Нгуема маълум қилди.
“У ҳаракат эркинлигига эга. Хоҳласа хорижга ҳам кетиши мумкин”, дейди генерал миллий телевидениеда.
Полковник Ульрих Манфумбининг қўшимча қилишича, қарор Али Бонго Ондимбанинг соғлиғи ҳолатини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинган. Агар у тиббий кўрикдан ўтишни хоҳласа, кетишга рухсат берилади.
2018 йилнинг октябрь ойида Габоннинг тахтдан ағдарилган президенти инсультга учраган. Оқибатда унинг жисмоний ҳолати ёмонлашган, ўнг оёғи ва қўлини қимирлатишда қийналган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 30 август куни Габондаги ҳарбий гуруҳ жамоат телевидениеси орқали 14 йилдан бери ҳокимиятда бўлган ва 26 август куни учинчи муддатга қайта сайланган Президент Али Бонгонинг истеъфога чиқарилишини эълон қилганди. Кейинчалик Али Бонго уй қамоғига, ўғли эса ҳибсга олинди. Айни пайтда давлат тўнтариши ташкилотчилари сайлов натижаларини ҳақиқий эмас деб эълон қилган, барча ҳокимият институтларини тарқатиб юборган ва мамлакат чегараларини ёпиб қўйган.
LiveБарчаси