Футболчиларимга ҳеч қандай эътирозим йўқ – Ислом Исмоилов
Sport
−
10:07 702 2 minutes
Кеча, 12 октябрь куни Элит Осиё Чемпионлар лигасининг 2-турида “Ал-Наср”га 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Учрашувдан сўнг “Нефтчи” бош мураббийи Ислом Исмоилов учрашувдан кейинги фикрлари билан ўртоқлашди.
Мураббийнинг айтишича, жамоа ўйиннинг дастлабки 30 дақиқасида тартибли футбол намойиш этган, аммо йўл қўйилган хато туфайли ўйин назоратини йўқотган.
“Ўйиннинг 30-дақиқасига қадар тартибли футбол намойиш этаётгандик. Биргина хато эвазига учрашувдаги концентрацияни йўқотиб қўйдик. Шундан кейин иккинчи голни ўтказиб юбордик. Танаффусдан сўнг ўйинга қайтишга ҳаракат қилдик ва ҳисобни қисқартиришга ҳам эришдик. Бироқ қизил карточка ўйинимизга таъсир қилди. Шунга қарамай, жамоам характер кўрсатди. Бир киши кам бўлиб қолганимизга қарамасдан, бир қатор хавфли вазиятлар яратдик. “Ал-Наср”дек кучли жамоага қарши 10 киши бўлиб ўйнаш доимо қийин. Ушбу учрашув учун футболчиларимга миннатдорлик билдираман, уларга ҳеч қандай эътирозим йўқ”, дейди Исмоилов.
“Нефтчи” бош мураббийи мағлубиятдан кейин жамоа руҳиятини тиклаш ва навбатдаги баҳсга тайёргарлик кўриш муҳимлигини таъкидлаган.
“Бу – битта ўйин, ҳаёт эса давом этади. Бизни олдинда кўплаб учрашувлар кутиб турибди. Хафа бўлиб ўтиришга вақтимиз йўқ, чунки уч кундан кейин яна майдонга тушишимиз керак. Ҳозир асосий вазифамиз – руҳиятни кўтариш ва фақат олдинга интилиш”, дейди мураббий.
Исмоилов ҳар бир учрашув жамоа учун муҳим сабоқ бўлишини ҳам қайд этди. Унинг айтишича, “Нефтчи” рақибга қараб тактик схемани ўзгартириб бормоқда. Жамоа аввалги баҳсда 4-3-3 схемасида ҳаракат қилган бўлса, “Ал-Наср”га қарши 5-4-1 тактикасини танлаган.
Мураббийнинг таъкидлашича, жамоа бугунги ўйинда йўл қўйилган хатоларни таҳлил қилиб, кейинги учрашувга тайёргарлик жараёнида уларни бартараф этишга ҳаракат қилади.
Маълумот учун, икки турдан кейин “Нефтчи” ҳисобида 3 очко мавжуд бўлиб, жамоа Ғарбий минтақада 7-ўринни эгаллаб турибди. Тошкентнинг “Пахтакор” жамоаси эса 2 очко билан минтақавий жадвалда 9-ўринда бормоқда.
Live
All