Фуқароларни хорижга ишга жўнатишни ваъда қилган шахслар ушланди
3-саҳифа
−
21 Июнь 2022
3885Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ ва Оққўрғон туманларида фуқароларни хорижий давлатларга ишга жўнатишни ваъда қилган шахслар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Бўстонлиқ туманида фуқаро С.Н. ва У.Р.лар бошқа бир фуқаро Ж.ни танишлари ёрдамида 1 200 АҚШ доллари эвазига Польша давлатига тўғридан-тўғри ишга юборишни ваъда қилган. Бироқ, келишилган пулнинг 600 АҚШ долларини олган вақтида тегишли органлар томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Бундан ташқари, Оққўрғон туманда фуқаролар Э.Н., Г.Т. ва бошқа шахслар фуқароларнинг ишончига кириб, уларни гўёки элчихоналардаги танишлари ёрдамида хорижий давлатларга ишга жўнатишни ваъда қилган. Эвазига Г.Т.нинг пластик картасига 2021 йилнинг 5 октябридан жорий йилнинг 25 майига қадар жами 531,7 млн сўмни тушириб, пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Хабарга кўра, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
LiveБарчаси