Freedom House Ўзбекистонни Интернет эркин бўлмаган давлатлар қаторида қолдирди
Жамият
−
23 Сентябрь 2021
3691Ўзбекистон АҚШнинг Freedom House нодавлат ташкилоти томонидан Интернет эркин (not free) бўлмаган мамлакатлар рўйхатига киритилди. Бу ҳақда ташкилот сайтида эълон қилинган ҳисоботда сўз боради.
Қайд этилишича, Ўзбекистон “Freedom on the Net 2021” (Интернетдаги эркинлик 2021) рейтингида мумкин бўлган 100 баллдан 28 балл тўплаган.
МДҲ давлатлари ва собиқ постсовет республикалари орасида бу энг паст кўрсаткичдир. Масалан, Россия - 30, Беларусь - 31, Қозоғистон - 33, Озарбайжон - 35, Қирғизистон - 53, Украина - 62, Арманистон - 71, Грузия - 77 балл олган.
Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон расмийлари веб-сайтларни блокировка қилишда ва ҳукуматни танқид қилувчиларни ҳибсга олишда давом этмоқда.
“Ҳукумат, шунингдек, маълумотларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни ўзгартириб, фойдаланувчиларнинг маълумотларини локализация қилишни талаб қилди, бу эса таниқли ижтимоий тармоқларни блокировка қилиш учун баҳона бўлди”, дейилади хабарда.
Қайд этиш керакки, Интернетда эркинликни чеклаш бўйича Хитой биринчи ўринда, ундан сўнг Эрон ва Мьянма турибди.
Энг эркин давлатлар сифатида эса 100 баллдан 96, 94 ва 87 балл билан Исландия, Эстония ва Коста-Рика кўрсатилган
Эслатиб ўтамиз, жорий йил июлда Ўзбекистон ахборотлаштириш ва телекоммуникация соҳасидаги назорат давлат инспекцияси (Узкомназорат) шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонунга киритилган янги ўзгартиришларни бузганлиги учун Skype, Twitter, TikTok, VKontakte ва WeChat’га киришни чеклади.
Маълумот учун, Ўзбекистон Freedom House’нинг ушбу рейтингида 2016 йилдан бери қайд этиб келинади ва ҳеч қачон (not free) Интернет эркин бўлмаган даражадан юқорига кўтарилмаган. Бироқ, ҳар йили оз даражада бўлса-да, яхши томонга ўзгариш юз беряпти. Хусусан, 2016 йилда 21 балл, 2017 йилда 23, 2018 йилда 25, 2019 йилда 26, 2020 йилда 27 ва жорий йил 28 балл тўплаган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь