Франциянинг ЖЧдаги ўйини бекор қилиниши мумкин

Спорт

image

Франция ва Норвегия терма жамоалари ўртасидаги Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг сўнгги тур учрашуви об-ҳаво шароити сабаб тўхтатилиши ёки кейинги муддатга қолдирилиши мумкин. Бу ҳақда “Le Parisien” нашри хабар берди.

Нашрнинг метеорология хизмати маълумотларига таяниб хабар беришича, бугун, 26 июнь куни Массачусетс штатидаги Фоксборо шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган баҳс вақтида момақалдироқ кузатилиши кутилмоқда. Учрашув Тошкент вақти билан соат 23:55 да бошланиши белгиланган. Шунингдек, ўйин давомида кучли ёмғир ёғиши эҳтимоли ҳам бор.

Аввалроқ, Франция ва Ироқ ўртасидаги гуруҳ босқичининг иккинчи тур баҳси об-ҳаво туфайли биринчи бўлимдан кейин тўхтатилган эди. Филадельфия шаҳрида ўтган учрашув икки соатлик танаффусдан сўнг давом эттирилган ва Франция 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган.

АҚШда ўтказилаётган турнир баҳсларида қатъий хавфсизлик қоидалари амал қилади. Агар стадиондан 13 километр радиусда чақмоқ аниқланса, учрашув дарҳол тўхтатилади ва футболчилар кийиниш хоналарига йўналтирилади.

Шундан сўнг, 30 дақиқалик кутиш вақти бошланади. Агар шу вақт ичида яна чақмоқ кузатилса, ҳисоблаш янгидан бошланади.

Франция ва Норвегия терма жамоалари икки турдан сўнг 6 тадан очко жамғарган ва плей-офф йўлланмасини муддатидан олдин нақд қилган. Улар “И” гуруҳида биринчи ўрин учун ўзаро баҳс олиб боради. Франция гуруҳ пешқадамлигини сақлаб қолиши учун ҳеч бўлмаса мағлуб бўлмаслиги керак.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг