Франциянинг собиқ президенти олти ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди
Олам
−
15 Февраль
5128Париж апелляция суди Франциянинг собиқ президенти Николя Саркозининг 2012 йилдаги сайловолди кампаниясини молиялаштиргани учун берилган жазони олти ойлик қамоқ жазосига қисқартирди. Бу ҳақда “France 24” хабар берди.
Дастлаб, 2021 йилда Саркози бир йил қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. Унга жазони уйда ўташга рухсат берилган, лекин муддат электрон билагузук билан ўталиши керак бўлган.
Апелляция суди бу муддатни олти ойга қисқартиришга қарор қилди. Шундай қилиб собиқ президент яна олти ой шартли қамоқ жазосини ўташи керак.
Гап “Bygmalion иши” ҳақида кетмоқда. Саркози 2012 йилги сайлов кампаниясига хизмат қилган ПР агентлиги шундай номланади, унда Саркози Халқ ҳаракати учун иттифоқ партиясидан номзод сифатида қатнашган.
Прокурорларнинг таъкидлашича, сиёсатчи ўзининг 2012 йилги сайловолди кампаниясига деярли 43 миллион евро сарфлаган, бу рухсат этилган 22,5 миллион евродан деярли икки баробар кўп (Франция сайловолди ташвиқоти харажатларига қаттиқ чекловлар қўяди).
Ортиқча харажатни яшириш учун “Bygmalion” агентлиги партиянинг сайловолди штабига 10 миллион евро миқдоридаги хизматлар учун сохта ҳисоб-фактураларни тақдим этган, бироқ тергов аниқлаганидек, бу хизматлар аслида тақдим этилмаган.
Текширув давомида ортиқча сарф-харажатлар миқдори деярли икки бараварга ошган.
Саркози билан бирга яна 13 киши айбдор деб топилган. Собиқ президент ўз айбини тан олмаган. Тергов схемани ташкиллаштиришга сиёсатчи раҳбарлик қилганини исботлай олмаган.
Бу Николя Саркозига қарши биринчи ҳукм эмас. 2023 йил май ойида телефон тинглаш иши бўйича апелляция шикояти бўйича у уч йилга озодликдан маҳрум қилинди, шу жумладан икки йил шартли, аммо бу қарор ҳозиргача кассация судига шикоят қилинган. Келгуси йилда эса собиқ президент 2007 йилги президентлик кампаниясини Ливия молиялаштирганликда гумон қилиниб судланади.
Маълумот учун, Саркози Францияни 2007-2012 йилларда бошқарган.
LiveБарчаси