Франциядан келган биринчи бемор аёл 35 кишилик зиёфат берган – Алматов
Жамият
−
24 Март 2020
15317Ўзбекистонда илк бор коронавирус инфекцияси аниқланган, Францияда бўлиб қайтган фуқаро 35 кишилик зиёфат қилган. Зиёфатда бўлган 13 кишида вирус аниқланган. Бу ҳақда Давлат Бош санитария врачи Баҳром Алматов брифинг вақтида маълум қилди.
“Франциядан кириб келган илк бемор етиб келган куни ўз хонадонида 35 киши иштирокида байрам қилган. Ўша меҳмондорчиликда қатнашганлардан 13 кишида бугунги кунда бу касаллик қайд этилди. У билан самолётда 250 киши келган, аэропортда тушганидан кейин шахсий автомобилида ҳам оила аъзоларига юқтирган. Кейин ишига чиққан ва иш жойида 80 нафар ходим ва 42 нафар беморлар билан мулоқотда бўлган.
Бу занжир давом этади. Ўша мулоқотда бўлганлар ҳам ўз навбатида оила аъзолари ёнига қайтадилар, кундалик ҳаётдаги ишларини бажарадилар, дўкон, сартарошларга кирадилар.
Яъни бу ўринда касаллик геометрик прогрессияда тарқалиб кетиши мумкин”, деди Баҳром Алматов.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда ушбу вирусни юқтириб олганлар 49 нафарга етди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси