Франциядаги музейдан қимматбаҳо санъат асарлари ўғирлаб кетилди
Маданият-санъат
−
14:46 327 2 дақиқа
Бугун, 8 сентябрь куни Франциянинг Лазур қирғоғидаги Кань-сюр-Мер шаҳрида жойлашган француз рассоми Пьер Огюст Ренуар музейига икки нафар номаълум шахс бостириб кириб, тўртта санъат асарини ўғирлаб кетди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Қайд этилишича, ўғрилик эрта тонгда юз берган. Кань-сюр-Мер мэри Бриан Массоннинг сўзларига кўра, музей сигнализацияси соат 5:48 да ишга тушган, орадан атиги беш дақиқа ўтиб воқеа жойига муниципал полиция етиб борган. Ўғрилар шаҳар видеокузатув камераларига тушиб қолган, бироқ улар яширинишга муваффақ бўлган. Қочиш вақтида улар ўғирланган тўртта асардан бирини ташлаб кетган.
Шаҳар ҳокимияти ўғирланган санъат асарлари қийматини дастлабки тарзда 9 млн еврога баҳолаган. Айнан қайси асарлар ўғирлангани ҳозирча маълум қилинмаяпти.
Маълумот учун, Ренуар музейи рассом умрининг сўнгги йилларини ўтказган ва 1919 йилда вафот этган хонадонда жойлашган. Музей 1960 йилда очилган. Унинг коллекциясида Ренуарнинг суратлари, жумладан портретлар, пейзажлар, шунингдек, унга тегишли бўлган буюмлар бор. Уларнинг орасида мольберт ва ногиронлар аравачаси ҳам мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ номаълум шахслар Испаниянинг Вильена шаҳридаги MUVI музейини тўнаб кетган. Улар ёши 3000 йилдан ортиқ деб баҳоланувчи бронза даврига оид олтин тақинчоқлар – “Вильена хазиналари”ни ўғирлаган.