Францияда намойишлар авж олди
Олам
−
31 Январь 2023
23413Бугун, 31 январь куни Париж аҳолиси бир ой ичида иккинчи марта пенсия ёшини 2030 йилгача 62 ёшдан 64 ёшгача оширишни назарда тутувчи пенсия ислоҳотига қарши намойишга чиқди. Бу ҳақда “France24” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, намойишчилар норозилик юришини Италия майдонидан бошлаган ва Парижнинг тарихий марказидаги Инвалидес майдони томон ҳаракатланишган. Касаба уюшмалари “Биз пенсия учун яна икки йил кутишга рози эмасмиз” шиори остида Парижда 100 минг, бутун Франция бўйлаб 1 миллиондан ортиқ одамни кўчага олиб чиқишга эришган.
Демократик Меҳнат Конфедерацияси вакилларига кўра, намойишларда 19 январда бўлган биринчи намойишга қараганда кўпроқ одам қатнашмоқда.
“Бугун французлар фаолроқ, колонналарда ўтган сафаргидан кўра кўпроқ намойишчилар бор. Ҳукумат унинг ислоҳотини қабул қилиб бўлмаслиги ҳақида аниқ сигнал олади”, деди касаба уюшмалари маркази раҳбари Лоран Бергер.
Транспорт соҳасидаги “Қора сешанба”
Эрталаб бошланган иш ташлашлар Париждаги барча транспорт турлари ишида жиддий узилишларга олиб келган. Айниқса кунлик йўловчилар оқими 4 миллиондан ортиқ бўлган Париж метросига бу катта таъсир кўрсатган. Масалан, поездлар сезиларли кечикишлар билан ҳаракатланган, кўплаб стансиялар йўловчиларнинг кириш ва чиқишлари учун ёпиб қўйилган. Шу билан бирга, 31 январь куни Париж метросининг деярли барча стансияларида транспорт ишидаги узилишлар ҳақида огоҳлантиришлар янграган. Шу сабабли, шаҳар аҳолиси, шу жумладан иш ташловчилар ҳам велосипедлардан фойдаланишган. Бунинг ортидан велосипед йўлларида ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ тирбандлик вужудга келган.
Шунингдек, иш ташлашлар сабабли пойтахтда бир қатор таълим муассасалари ҳам ёпилган. Ўқитувчиларнинг ярмидан кўпи иш ташлашда бўлган кўплаб лицейлар тўсиб қўйилган.
Мэрнинг бирдамлиги
Намойишчилар билан бирдамлик учун бугун, 31 январь куни Париж мэрияси ҳам ёпилган.
“Ижтимоий ютуқларимизни тизимли равишда йўқ қилишни ҳеч қачон қабул қилмаймиз. Ижтимоий ҳаракат билан бирдамлик учун шаҳар мэрияси бугун жамоатчиликка ёпиқ”, деб ёзган Париж мэри Анн Ҳидалго ўз Тwitter саҳифасида.
Вилоятлардаги норозилик намойишлари
Иш ташлаш ташкилотчиларининг чақириғи Франция вилоятларида ҳам қўллаб-қувватланди. Шундай қилиб, Тулонда полиция намойишга қўшилган. Полиция касаба уюшмалари вакилларининг таъкидлашича, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари хизмат шароитлари оғирлиги сабабли нафақа олиш учун қўшимча икки йил давомида кўчаларда патруллик қилишга тайёр эмаслар.
Марселда эса намойишчилар ўз юришларини эски портдан бошлаган. Уларга “Бўйсунмас Франция” чап қанот партияси асосчиси Жан-Люк Мелашон бошчилик қилган. Унинг таъкидлашича, Франция тарихи бундан буён “31 январгача ва ундан кейинги” даврларга бўлинади.
Лионда ҳам талабалар Сиёсий фанлар институти биносини тўсиб қўйишган. Ренн шаҳрида эса иш ташловчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтган. Бордо, Брест, Гавр, Ница, Орлеан, Тулуза шаҳарларида ҳам оммавий намойишлар бўлиб ўтмоқда.
Борн режаси
Франция Бош вазири Элизабет Борн томонидан 10 январда тақдим этилган ислоҳот лойиҳаси 2030 йилга келиб энг кам пенсия ёшини 62 ёшдан 64 ёшга босқичма-босқич оширишни, энг кам тўлиқ пенсия миқдорини 1,2 минг еврогача оширишни назарда тутарди. Режага кўра, мамлакатда амалдаги кўплаб махсус пенсия режимлари бекор қилинади. Бу эса айниқса транспорт ва энергетика соҳаси ходимларига таъсир қилади. Кеча, 30 январь куни Борн режаси Миллий ассамблея (республика парламенти қуйи палатаси) га кўриб чиқиш учун тақдим этилди.
Бош вазир Борн эса вазирлар маҳкамаси томонидан пенсия ёшини ошириш бўйича таклиф тўғрисида ҳеч қандай музокаралар олиб борилмаслигини айтган. Шунингдек, транспортга масъул вазир-делегат Клемент Бон ҳам лойиҳанинг моҳияти ўзгармаслигини таъкидлаган.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси