Францияда мунозарали иммиграция қонуни кучга кирди
Олам
−
27 Январь
7244Бугун, 27 январь куни Францияда мунозарали иммиграция қонуни кучга кирди ва унинг матни Бешинчи республиканинг расмий журналида чоп этилди.
Франция Президенти Эммануэль Макрон қонунни бир кун аввал имзолаган. 25 январь куни эса Франция Конституциявий кенгаши уни тасдиқлаган бўлса-да, иммиграция қоидаларини кучайтириш тўғрисидаги қонуннинг бир қатор моддалари конституцияга зид эканини таъкидлади ва қонун лойиҳаси матнининг учдан бирини рад этди.
Шундай қилиб, оилавий визада кириш қоидаларини қатъийлаштирувчи, чет эллик талабалар учун мамлакатни тарк этиш мажбурияти, шунингдек, "миграция квоталари" ни жорий этиш ҳақидаги моддалар тасдиқланмади. Европа Иттифоқидан ташқаридаги мамлакатлардан келган ишсиз муҳожирлар Францияда 5 йил бўлганидан кейин уларга ишонишлари мумкин бўлган айрим ижтимоий нафақаларни олиш шартларини кучайтириш ҳам маъқулланмаган.
Қонун лойиҳаси, жумладан, ноқонуний мигрантларни депортация қилишни соддалаштиришни назарда тутади. Бундан ташқари, Франция ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига қарши жиноят содир этган икки фуқаролиги бўлган шахслар Франция паспортини йўқотиши мумкин. "Бугунги кунда қаттиқ чоралар зарур", дейди Ички ишлар вазири Жеральд Дарманин.
Қонунга қаршиларнинг фикрича, у ўнг қанот кайфиятидагиларнинг кучайишига, шунингдек, ирқи ва миллатига кўра, камситишларга йўл очади.
Асл нусхада қонун лойиҳаси ноқонуний муҳожирларни депортация қилиш бўйича соддалаштирилган чора-тадбирлар билан бир қаторда мигрантларнинг интеграциялашувини рағбатлантиришга қаратилган эди. Бироқ кейинчалик Франция парламентининг юқори палатаси – Макрон тарафдорлари кўпчиликка эга бўлмаган Сенат ҳужжатнинг аксарият бандларини қаттиқлаштирди.
Бу кескинлашув ҳуқуқ ҳимоячиларининг танқидига ҳам, Франциядаги мигрантларнинг оммавий норозилигига ҳам сабаб бўлди.