Францияда фавқулодда ҳолат жорий этилиши мумкин
Олам
−
30 Июнь 2023
7258Франциядаги тартибсизликлар фонида расмийлар мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этишни кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда бугун, 30 июнь куни Эври шаҳрида нутқ сўзлаган Франция Бош вазири Элизабет Борн маълум қилди.
Унинг айтишича, яқин соатларда Президент Эммануэль Макрон иштирокида мамлакатдаги вазият бўйича йиғилиш ўтказилади.
“Биз Республика Президенти атрофидаги барча фаразларни соат 13:00 да ўтказиладиган йиғилишда кўриб чиқамиз. Шунинг учун мен ҳозир сизга жавоб бермайман. Аммо биз барча гипотезаларни биринчи ўринда, бутун ҳудудда республика тартибини тиклашни кўриб чиқмоқдамиз", деган Борн фавқулодда ҳолат жорий этилиши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавобан.
Билдирилишича, фавқулодда ҳолат расмийларга маҳаллийлаштирилган комендантлик соатлари эълон қилиш, намойишларни тақиқлаш ва полицияга ғалаёнчиларни ушлаб туриш ва уйларни тинтув қилишда кўпроқ эркинлик беради.
Франциядаги вазият
Жорий йилнинг 27 июнь куни Парижга яқин Нантер шаҳрида йўл ҳаракати қоидаларини бузган Наэль исмли 17 ёшли жазоирлик йигитни полиция тўхтатган. Бироқ Наэль полицияга бўйсунмаган. Полициячи эса унга қарата ўқ узган. Ҳайдовчи кўкрагига ўқ тегиб вафот этган.
Шундан сўнг, мамлакатнинг турли шаҳарларида тартибсизликлар бошланган. 29 июнь куни бир неча ўнлаб полиция машиналари, комиссарлик ва маъмурий органлар бинолари ёқиб юборилган, таълим муассасаларига зарар етказилган. 30 июнга ўтар кечаси Ички ишлар вазирлиги давом этаётган тартибсизликларни бостириш учун 40 минг полициячини сафарбар этган. Мамлакатнинг айрим шаҳарларида махсус кучлар кўчаларни патруль қилишда зирҳли техника ва вертолётлардан фойдаланган.
Айрим шаҳарларда соат 21:00 ёки 22:00 дан бошлаб комендантлик соати, шунингдек, тунги вақтда жамоат транспортида чекловлар жорий этилган. Мамлакатда вазият кескинлигича қолмоқда.
Тартибсизликларнинг биринчи кечасида 150 нафар киши ҳибсга олинган. Франция Президенти Эммануэль Макрон Twitterʼда марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган. Шунингдек, Макрон Франциядаги тартибсизликлар ортидан ЕИнинг Брюсселдаги саммитини тарк этган.