Франция снаряд сотиб олишни кескин оширмоқда
Олам
−
01 Март 2023
4973Франция 2023 йилда ўз қуроллари, биринчи навбатда, “Цезар” ўзиюрар артиллерия мажмуалари учун снарядлар ва ракеталар ишлаб чиқаришга буюртмалар ҳажмини кескин ошириш ниятида. Бу ҳақда бугун, 1 март куни республика Қуролли кучлар вазири Себастьян Лекорню Сенат йиғилишида маълум қилди.
“Бунинг учун янги ҳарбий бюджет қонунининг қабул қилинишини кутмаймиз. Биз Украинадаги можаро тажрибасини ҳисобга оламиз ва бундан кейин ҳам шундай қиламиз”, дейди Себастьян Лекорню.
Унинг айтишича, Францияда ўтган йилнинг июль ойида “Цезар” артиллерия мажмуалари учун 155 мм калибрли 5000 та снарядга буюртма берилган. Жорий йилнинг март ойида эса ҳарбий техника ва қуроллар ишлаб чиқарувчи Nexter компаниясига шундай калибрли яна 16 мингта снарядга буюртма бериш режалаштирилган.
Бундан ташқари, йиллик ҳажми 15 минг ўқ-дори бўлган 3 та глобал ҳарбий буюртма берилиши маълум қилинган. Буюртмалар 155 мм снарядлар, ўрта масофадаги танкга қарши тизимлар учун ўқ-дорилар ва Mistral зенит-ракета тизимлари учун ракеталарни ўз ичига олади.
Вазир ушбу ҳажмдаги ўқ-дориларнинг қанчаси Украина учун мўлжалланганига аниқлик киритмаган, бироқ Украина билан боғлиқ харажатлар Франция Президенти Эммануэль Макрон билан келишилган ҳолда ҳарбий бюджет ҳақидаги қонундан олиб ташланишини айтган.