Франция “қора шаҳзода”га қарши тергов бошлади

Олам

image

Париж апелляция судининг қарорига кўра, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Саудга нисбатан “The Washington Post” журналисти Жамол Қошиқчининг Истанбулда ўлдирилиши бўйича суд тергови бошланди. Бу ҳақда AFP хабар берди.

“Миллий антитеррор бошқармаси томонидан ўрганилаётган қийноқлар ва мажбурий ғойиб бўлишлар ҳақидаги шикоят асосида тергов ўтказилиши керак”, дейилади хабарда.

Бундан аввал Франция прокуратураси таъқиб қилишнинг жоизлиги (юридик асослари) нуқтаи назаридан иш қўзғатишга қарши чиқиб келган.

Маълумот учун, “The Washington Post” газетаси журналисти Жамол Қошиқчи 2018 йил 2 октябрь куни ғойиб бўлган. Ўша куни у Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консулхонаси биносига кирган ва шундан сўнг уни ҳеч ким кўрмаган. Қошиқчининг жасади топилмаган. Туркия прокуратураси талқинига кўра, журналист ўлдирилган, жасади эса бўлакланиб, йўқ қилинган.

Журналист узоқ вақт давомида Саудия Арабистони расмийларини танқид қилиб келган. Журналистни ўлдиришга Саудия ҳукумати буйруқ бергани ҳақида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, шунингдек, АҚШ Миллий разведкаси баёнот берган. 

“Биз Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон саудиялик журналист Жамол Қошиқчини Туркиянинг Истанбул шаҳрида қўлга олиш ёки ўлдириш бўйича операцияни маъқуллаган деб ҳисоблаймиз”, дейилади АҚШ разведкаси ҳисоботида.

Журналистнинг ғойиб бўлиши ва бунга Ар-Риёднинг алоқадорлиги ҳақидаги хабарлар дунёда кенг акс-садо берган. Ўша пайтда Халқаро валюта жамғармасига раҳбарлик қилган Кристин Лагард, шунингдек, АҚШнинг бир қатор йирик компаниялари, жумладан, Google ва Ford топ-менежерлари Саудия Арабистонига режалаштирилган сафарларини бекор қилган.

Муҳаммад бин Салмон 2019 йил сентябрь ойида Қошиқчининг ўлдирилишига илк бор оммавий равишда изоҳ берган. 

“Бу менинг хизмат вазифаларимни бажараётган вақтимда содир бўлгани учун барча масъулиятни ўз зиммамга оламан”, деган ўшанда у. 

Шу билан бирга, шаҳзода исми очиқланмаган мулозимлар унинг хабарисиз ҳаракат қилганини қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда Америка Қўшма Штатларининг ўша пайтдаги президенти Жо Байден маъмурияти Муҳаммад бин Салмонни журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши бўйича суд жараёнидан даҳлсизлиги ҳақида қарор чиқарган.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция Саудия Арабистони Жамол Қошиқчи тергов қора шаҳзода Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг