Франция Исроилни дунёнинг энг йирик қуроллар кўргазмасидан четлатди
Олам
−
02 Июнь 1722 2 дақиқа
Франция ҳукумати Исроилнинг Париж шаҳрида 15–19 июнь кунлари ўтказиладиган дунёдаги энг йирик мудофаа саноати кўргазмаларидан бири – Eurosatory 2026’да расмий иштирок этишини тақиқлади. Бу ҳақда “Ynet” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур қарор сабабли Исроил Мудофаа вазирлиги кўргазмада миллий павильонини намойиш қила олмайди. Шу билан бирга, Исроилнинг хусусий компанияларига тадбирда қатнашишга рухсат берилган бўлса-да, уларга ҳужумкор қурол тизимларини кўрсатиш тақиқланган. Франция расмийлари фақат ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳамда бошқа мудофаа воситаларини намойиш этишга рухсат берган.
Исроил Мудофаа вазирлиги Парижнинг мазкур қарорини кескин танқид қилди. Вазирлик баёнотида Франция Исроил компанияларига нисбатан халқаро кўргазмалар амалиётига зид равишда танлаб ва бир томонлама чекловлар қўллаётгани таъкидланган.
“Бу сиёсий ва тижорий мақсадларни кўзлаган шармандали қарордир. Французлар рақобатдан қўрқмоқда ва сиёсий баҳоналарни ўйлаб топмоқда”, дейилади вазирлик баёнотида.
Исроил томони мазкур қарор икки давлат ўртасидаги муносабатлар янада ёмонлашганидан далолат беришини билдирган. Бироқ ҳозирча кўргазмани тўлиқ бойкот қилиш режалаштирилмаяпти.
Нашрнинг ёзишича, чекловлар Исроил учун ўзининг замонавий ҳарбий технологияларини халқаро майдонда намойиш қилиш имкониятини сезиларли даражада камайтиради. Исроилда эса бу қарор ортида сиёсий сабаблар билан бирга иқтисодий манфаатлар ҳам ётганига ишонч билдирилмоқда. Чунки мамлакатнинг мудофаа саноати маҳсулотлари Франция экспортчилари учун жиддий рақобатчи ҳисобланади.
Маълумот учун, Eurosatory ҳарбий техника ва мудофаа саноати соҳасидаги энг йирик халқаро тадбирлардан бири бўлиб, унда дунёнинг етакчи қурол ишлаб чиқарувчилари, ҳарбий экспертлар ва ҳукумат вакиллари иштирок этади. Кўргазма янги технологиялар тақдимоти, тажриба алмашиш ва йирик шартномалар имзоланиши учун муҳим майдон ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция Исроилнинг Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвирга мамлакат ҳудудига киришни тақиқлаган эди. Париж расмийларининг бу қарори унинг Ғазога гуманитар ёрдам етказиш мақсадида йўлга чиққан “Сумуд” флотилияси иштирокчиларига нисбатан билдирган муносабати билан боғланган.
Live
БарчасиШавкат Мирзиёев Россияга боради
02 Июнь