Форсча айёрлик. Эрон АҚШни ичидан емирмоқчи?
Таҳлил
−
23 Июнь 20479 3 дақиқа
АҚШ ўз тарихида илк бор Эронга зарба берганидан сўнг дунёнинг эътибори Эроннинг жавоб чоралари қандай бўлишига қаратилган. Ҳормуз бўғозини ёпиш, АҚШнинг минтақадаги ҳарбий базаларига зарба бериш каби вариантлар анча олдин маълум эди. Аммо бу икки эҳтимолий чора Эроннинг ўзи учун ҳалокатли бўлиши мумкин. Чунки Эрон иқтисодиёти Ҳормуз бўғози билан узвий боғлангани айтилади. Масалан, АҚШ вице-президенти Ж.Д. Вэнс ҳам Ҳормузни ёпиш Эрон учун ўзини ҳалок қилиш қарори бўлади, дея баёнот берди. Ҳатто Эроннинг собиқ шоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавий ҳам ўтмишда ўз интервьюларидан бирида Эрон Ҳормуз бўғози билан тирик эканини очиқ-ойдин таъкидлаган.
Шу боис 22 июнь куни АҚШ томонидан Эронга халқаро ҳуқуқ нормаларига зид тарзда берилган зарбалар учун Эрон ҳам худди шу йўсинда жавоб қайтариши мумкин. Маълумотларга кўра, расмий Теҳрон АҚШни унинг ядро объектларига ҳужумидан роппа-роса 5 кун олдин бу ҳақда огоҳлантирган. Гап шундаки, NBC News телеканалининг маълум қилишича, 17 июнь куни Эрон G7 саммитида президент Трампга агар у Эроннинг ядровий объектларига зарба беришга буйруқ берадиган бўлса, у ҳолда Эрон АҚШда “ухлаб ётган террорчилар”ни фаоллаштириши мумкинлиги ҳақида хабар жўнатган. NBC News буни АҚШнинг икки расмийсига таяниб хабар қилди.
АҚШ ҳукумати эса Эрон ҳудудига йўналтирилган зарбалардан сўнг мамлакат ичкарисида террорчилик ҳужумлари хавфи кучайгани ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда мамлакатнинг террористик таҳдидлар бўйича миллий огоҳлантириш тизими шу мазмундаги бюллетенни эълон қилди. Ушбу огоҳлантириш айнан АҚШнинг 22 июнь куни Эрондаги бир қатор объектларга берган ҳужумидан сўнг эълон қилинди ва бу огоҳлантириш 22 сентябргача амал қилади. Хусусан, фуқароларга яқин кунларда Эронни қўллаб-қувватловчи кучлар томонидан АҚШдаги тармоқларга нисбатан киберҳужумлар эҳтимоли борлиги айтилди.
Бундан ташқари, мазкур баёнотда Эрон 2020 йил январь ойида ўлдирилган ҳарбий қўмондонининг ўлими учун масъул деб ҳисоблайдиган АҚШ ҳукумат мансабдор шахсларига ҳужум қилиш ниятида экани анчадан бери маълумлиги қайд этилган. Борди-ю Эрон раҳбарияти АҚШ ҳудудидаги нишонларга нисбатан зўравонликка ундовчи диний фатво чиқарса, Қўшма Штатлар ичкарисидаги ўша юқорида номи “ухлаб ётган радикаллар” дея айтилган гуруҳларнинг ишга киришиши мумкинлиги айтилмоқда. Шу боис расмий огоҳлантиришда АҚШ ҳудудида яшовчи айрим шахслар янги ҳужумлар тайёрлашни бошлаши мумкинлиги баён этилган.
АҚШ хавотирда
Ўз ўрнида АҚШ давлат департаменти ҳам Яқин Шарқдаги ҳарбий можаро муносабати билан ўз фуқаролари учун бутун дунё бўйлаб хавфсизлик огоҳлантиришини эълон қилди. Департамент АҚШ фуқароларига ер юзининг қаерида бўлмасин, эҳтиёткор бўлишни тавсия қилади. Бу баёнотда қайд этилишича, хорижда АҚШ фуқаролари ва манфаатларига қарши намойишлар уюштирилиш эҳтимоли бор. Энг қизиғи эса бу орада АҚШнинг ўзида Эронга берилган ноқонуний зарба ортидан Трампга қарши намойишлар бошланиб кетди. Намойишларнинг асосий ўчоғи ҳозирча Нью-Йорк бўлиб турибди. Намойишчилар кўчаларда “Эрон билан урушга йўқ” ва “Трамп – уруш жиноятчиси” деб ёзилган плакатларни кўтариб олишган.
Иштирокчилар нафақат Нью-Йоркнинг марказий қисмидаги “Times Square”, балки Вашингтондаги Оқ уй атрофида, шунингдек, Массачусетс штатининг Бостон шаҳрида ҳам тўпланган. Митинглар Огаё штатининг Цинциннати шаҳрида ҳам ўтказилгани қайд этилган. Нью-Йорк кўчаларида бўлган журналистнинг таъкидлашича, намойишлар тинч йўсинда ўтмоқда. Кўпчилик намойишчилар АҚШ ҳаракатлари кенг кўламли ва жуда ёмон оқибатларга олиб келувчи урушга сабабчи бўлиши мумкинлигидан хавотирда.