Флешка ва хардлардан воз кечамизми? Янги технология яратилмоқда
Технология
−
15 Декабрь 2022
13800Catalog Technologies компанияси ДНКга асосланган ахборотни сақлаш тизимларини ишлаб чиқаришда тарихий ютуққа эришди. Бу ҳақда “3dnews” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, компания ДНКга шифрланган маълумотларни параллель тарзда тез қидириш усулини яратган. Маълумки, ДНК билан ишлаш кўп вақт талаб қилади, аммо Catalog Technologies бу жараённи тезлаштириш йўлини топди. Келажакда бу замонавий аналоглардан бир неча баробар устун бўлган ахборот ташувчиларнинг пайдо бўлишига олиб келиши прогноз қилинмоқда.
ДНКга қандай қилиб маълумот ёзса бўлади?
Catalog Technologies компанияси синтетик аминокислоталар ёрдамида маълумотларни ёзиш ва ўқиш тизимини яратиш устида ишламоқда. Такидланишича, бундай тизимлар маълумотларни кодлаш разрядини икки, уч ёки ундан ҳам кўпроқ марта ошириши мумкин. Бу дегани келажакда ҳозирги қаттиқ диск ва флешкалар ўрнини ДНКга асосланган ахборот ташувчилари эгаллашини билдиради. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бир грамм ДНК эритмасида 200 Петабайтгача (1 петабайт=1024 терабайт) маълумот сақланиши мумкин бўлади.
Ҳозирда Catalog Technologies лойиҳани амалга ошириш учун тажрибалар ўтказмоқда. Масалан, охирги тажрибада Shannon тизими ёрдамида бир неча дақиқада Шекспирнинг “Гамлет” асарининг 17 000 сўзли қисми ДНКга шифрланди. Кейин ушбу сақланган маълумотлар бўйича калит сўзларни қидириш амалга оширилди ва бу ҳам мувофаққиятли якунланди.
“Ушбу тарихий ва ўзгарувчан ютуқ ДНК асосидаги ҳисоблашни ҳақиқатга айлантиришга ёрдам берган ҳамкорларимиз билан кўп йиллик ишларимизга асосланган”, дейди компания асосчиси ва бош директори Хюнжун Парк.
Маълумот ўрнида, Catalog Technologies 2023 йилнинг ўрталарига қадар 100 миллиондан ортиқ сўзни ўз ичига олган маълумотлар тўпламида ушбу тажрибани намойиш синаб кўрмоқчилигини эълон қилган.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси