“Фламенго” Бразилия чемпиони бўлди
Спорт
−
04 Декабрь 1024 2 дақиқа
Бугун, 4 декабрь куни эрталаб футбол бўйича Бразилия чемпионатининг 37‑туридан ўрин олган учрашувда “Фламенго” ўз майдонида “Сеара”ни 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Шу тариқа “Фламенго” муддатидан аввал мамлакат чемпионлигини қўлга киритди.
Учрашув тақдирини биргина гол ҳал қилди. Ўйиннинг 37-дақиқасида Хорхе Карраскалнинг узатмасидан кейин Самуэл Лино учрашувда ҳисобни очди. Бу гол “Фламенго”га муддатдан аввал чемпионликни нишонлаш учун етарли бўлди.
Бразилия А Серияси якунланишига бир тур қолганида, лига пешқадами “Фламенго” 78 очко жамғариб, жадвалда 1-ўринни кафолатлади. Энг яқин таъқибчи “Палмейрас” эса 73 очко билан иккинчи ўринда эгаллади.
Шу тариқа, “Фламенго” муддатидан аввал 2025 йилги Бразилия чемпионига айланди. Бу клуб тарихида саккизинчи Бразилия чемпионлиги ва 2020 йилдан бери қўлга киритилган биринчи чемпионлик кубоги ҳисобланади. Жамоа бош мураббийи 40 ёшли Фелипе Луис бу мавсумда клуби билан Бразилия Суперкубоги, Рио-де-Жанейро штати чемпионлиги, Либертадорес кубоги ғолиблигини ва энди мамлакат чемпионлигини қўлга киритмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Фламенго” жамоаси Перунинг Лима шаҳридаги “Монументаль” стадионида бўлиб ўтган финал баҳсида “Палмеирас”ни 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, Жанубий Американинг энг нуфузли клублар мусобақаси Либертадорес кубогини қўлга киритган эди.