Фитна қурбони. Большевикларга қарши курашган Мадаминбек қўрбошини ким ўлдирган?
Бу қизиқ
−
23 Октябрь 2021
38695“Ким бўлишдан қатъи назар, унинг ватанпарварлиги сўзи билан эмас, иши билан исбот қилинади”.
Виссарион Григорьевич Белинский
1917 йилнинг октябрь ойи, Россия империяси пойтахти Петроград (ҳозирги Санкт-Петербург) шаҳрида ҳокимиятга қарши норозилик намойишлари айни авжига чиқган палла. Октябрь ойида бўлиб ўтган инқилоб натижасида, Владимир Ленин бошчилигидаги Большевиклар партияси ҳокимиятни эгаллаб олди. Улар табиий ресурсларга бой Туркистон ўлкасини ўз давлатлари таркибига қўшиб олишни кўзлаб ҳарбий ҳаракат бошлади. Аммо, Туркистоннинг жасур ўғлонлари қизиллар (Большевиклар)га қарши қурол кўтариб, ватан озодлиги учун кураш бошлади.
Шўро даврида Большевикларга қарши қурол кўтарган Туркистон ўғлонлари “Босмачи”, деган ном билан қораланди ва уларнинг фаолиятини ўрганиш қатъиян тақиқланди. “Ғолиблар тарихини ёзади”, деган тамойил асосида Совет даврида тарих бир томонлама ёзилиб, мағлублар тарихи сохталаштирилди. Бироқ, ойни этак билан ёпиб бўлмаганидек, яқин ўтмишимиздаги истиқлол учун курашган саркарда, лашкарбоши ва қўрбошиларни тарихдан ўчириб бўлмайди. Бугунги мақоламизда ХХ асрнинг биринчи чорагида айнан советларга қарши қурол кўтариб, ўз халқининг озодлиги учун курашган марғилонлик Мадаминбек қўрбоши ҳақида маълумот берамиз.
Мадаминбекнинг сийрати
Мадаминбекнинг асл исми Муҳаммад Аминбек бўлиб, у 1892 йилда Марғилон атрофидаги Сўкчилик (ҳозирги Тошлоқ туманининг “Садда” қишлоғи)да қашшоқланиб қолган бекзодалар оиласида таваллуд топган. Отасининг исми Аҳмадбек бўлиб, у инсоннинг ота-боболари Қўқон хонлиги даврида турли лавозимларда ишлаган. Аҳмадбекнинг Марғилонда ҳунармандчилик дўкони бўлган. Мадаминбекнинг онаси эса ўз даврининг оқила аёлларидан ҳисобланган. Айрим тарихий маълумотларга қараганда, у ўз ҳовлисида мактаб очиб, отинойи сифатида ёш қизларни ўқитган. Мадаминбекнинг Мақсудали ҳамда Мамадали исмли икки акаси ҳамда Меҳринисо ва Майрамнисо номли икки опаси бўлган.
Сургунда ўтган уч йил
Мадаминбек Марғилондаги маҳаллий мадрасани тугатгач, таҳсилни давом эттириш учун Бухорои шарифга жўнашга аҳд қилади. Бироқ, тақдир Мадаминбекка мударрис ёки уламо бўлиш қисматини раво кўрмай, уни тўс-тўполонлар ичига ташлади.
1876 йил Қўқон хонлиги Россия империяси томонидан босиб олинган бўлиб, водий халқи оғир мустамлакачилик зулми остида ҳаёт кечираётган эди. Мадаминбек Биринчи жаҳон уруши арафасида Россия империясининг мустамлакачилик зулмига қарши Фарғона водийсида кўтарилган турли ғалаён ва исёнларда фаол қатнашади. Шунинг учун ўлкадаги рус полицияси уни 1914 йил қамоққа олади. Суд Мадаминбекнинг ўзи қилмаган жиноятлар (қотиллик ва ўғрилик)ни ҳам бўйнига қўйиб, уни 14 йил муддатга Сибирга каторгага ҳукм қилади. Шундай қилиб, ёш Мадаминбек ҳаётининг уч йилини Сибирнинг совуқ ўрмонларида ўтказади. Бўлажак қўрбоши учун бу йиллар изсиз кетмади. Айнан Сибирдаги оғир ва машаққатли ҳаёт уни келгуси курашлар учун чиниқтириб, уни юрт озодлиги учун бўладиган ҳаёт-мамот жангларига тайёрлаб келди.
Большевикларга қарши кураш
1917 йилнинг февраль ойидаги инқилоб натижасида подшоҳ ҳукумати ағдарилгач, Мадаминбек Сибирдан ўз она юртига қайтиб келди. У 1918 йилнинг бошларида Марғилонда милиция бошлиғи этиб тайинланади. 1918 йил 19 февраль куни Туркистон Мухторияти тугатилиб, Қўқон қонга ботирилгач, Мадаминбек қўл остидаги уч юз йигит билан “қизил”ларга қарши кураш бошлайди. У Ғорбува қишлоғини ўзига қароргоҳ қилиб, Большевикларга қарши дастлабки жангларини бошлаб юборди. Кейинчалик, Мадаминбек Ғорбувани Шермуҳаммадбек ихтиёрида қолдириб, ўзи Балиқчи (Балиқчи водийнинг қоқ маркази бўлиб, икки улуғ дарё Қорадарё ва Норин қўшилиб, Сирдарёни ҳосил қиладиган жой)га кўчади.
Мадаминбек водийнинг турли ерларига одам юбориб, аҳолини Большевикларга қарши курашга даъват этади. Унга Балиқчидан Бойтуман ҳожи, Найзақайрағочдан Солиҳ Маҳсум, Оқ ердан Қозоқжонбек, Қоракўлдан Ҳошим полвон, Булоқбошидан Мулла Жуман, Валикдан Миркаримбой, Нурулла Маҳсум, Абдуллажон, Учқўрғондан Назриддин Мингбоши, Лошмондан Тўхтабой Понсод, Қумариқдан Болтабой Қўрбоши, Ёзёвондан Юсуф полвон, Қоратепадан Қурбонбой, Варзикдан Абдуллажон Маҳсум каби қўрбошилар ўз йигитлари билан келиб қўшилади. Тез орада, Мадаминбекнинг қўшини 4000 кишига етади.
Мадаминбек қўшинидаги йигитлар жасур, содиқ жангчилар бўлсалар-да, уларнинг аксарияти умрида пичоқ, болта-теша, кетмон ва паншахадан бошқа қурол ишлатмаган, жанг кўрган бўлса-да, катта ҳарбий операцияларда иштирок этмаган, жанг тактикасидан бехабар бўз йигитлар эди. Маҳаллий миллат вакиллари ичида ҳарбий мутахассислар бўлмаган. Шу туфайли Мадаминбек ўйлаб-ўйлаб собиқ подшо Россияси армияси зобитларидан фойдаланишга қарор қилади, Бу вақтда, водийда Большевиклар ҳокимиятни тан олмаган, уларга қўшилмагани учун таъқибга учраган ҳарбий мутахассислар жуда кўп бўлган. Улар ҳам мавжуд ҳокимиятга қарши курашишни хоҳлар, водийнинг руслар кўпроқ истиқомат қиладиган шарқий қисмида (Жалолобод, Ўзган) ўз қўшинларини ташкил этишган эди, Мадаминбек уларнинг ҳузурига одам юбориб, умумий душман, яъни, Большевикларга қарши, бирлашишни таклиф қилади.
Мадаминбек асосан Ислом байроғи остида жанг қилгани рус офицерларини чўчитиб турган. Шу туфайли, Мадаминбек уларга диний эркинлик беришга мажбур бўлади. Шундан сўнг, Осипов, генерал Муханов, полковник Белкин (Корнилов), кейинчалик эса, Шарқий Фарғонада таркиб топган насронийлар армияси қўмондони генерал Монстров унга қўшилади. Бу отряд урушларда чиниққан, тоғ шароитида жанг қилишга моҳир йигитлардан иборат бўлиб, “Бўри галаси” деган ном орттирган эди. Унга штаб-капитан Плотников бошчилик қилган. Рус офицерлари Мадаминбек қўшини штабини бошқариб, йигитларга замонавий жанг усулларини ўргатган.
Дастлабки жанглар
Мадаминбекнинг дастлабки жанглари Марғилон атрофларида, сўнгра эса Наманган ва Балиқчи оралиғидаги Жийдакапа қишлоғида бўлиб ўтди. Бу жангда дастлабки хиёнат содир этилди. Плотников бошчилигидаги Помир отряди қизиллар билан ярашиш мақсадида уларга хат жўнатгани маълум бўлиб қолди. Қўрбоши Бойтуман Ҳожи буни сезиб қолиб, Мадаминбекка хабар берди. Мадаминбек етиб келиб, отрядни қуролсизлантирди. Бироқ Плотниковнинг буйруғи билан қуршовдаги қизил гвардиячилар Наманган томон чекинишга муваффақ бўлди.
Шиддатли жанглар асосан 1919 йилда бўлиб ўтди. Мадаминбек 1919 йилнинг бошида энг катта куч Сафонев бошчилигидаги 20 минг аскари бўлган Скобелев (ҳозирги Фарғона) шаҳрига ҳужум қилди. Большевиклар гарнизон қалъасига беркиниб олди. Жанг вақтида Фарғона қўшинлар қўмондони Сафонев асир олинди. Скобелев жанги совет қўшини, унинг бошлиқлари учун катта сабоқ бўлди. Улар, ўз қаршиларида бетартиб, тарқоқ тўдани эмас, балки яхши уюшган, салоҳиятли армия турганлигини ҳис этдилар.
Мадаминбекнинг дастлабки муваффақиятлари унинг обрўйини оширди. Мусулмон лашкарбошиларининг навбатдаги қурултойида ҳаракати сустлашган Катта Эргаш қўрбоши ўрнига Мадаминбек “Амир аль-Муслимин” этиб сайланди. Хафа бўлган Эргаш қўрбоши қурултой қарорига бўйсунмаслигини эълон қилиб, ўз ҳолича, курашни давом эттиришни маълум қилади. Бу орада ҳасадгўйлар ҳам кўпайди. Мадаминбек қўл остида жанг қилаётган Тўйчи, Қорабой, Холхўжа ва яна уларга ўхшаш бир неча қўрбошилар қандай қилиб бўлсада, Мадаминбекнинг ўрнига ўзлари ўтиришни кўзлаб яширин йўл тутдилар.
1919 йилнинг 22 октябрида Помирнинг Иркештом (Эргаштом) овулида Мадаминбек раҳбарлигида Фарғона Муваққат ҳукумати тузилди. Мадаминбек қўрбоши ҳукумат раиси ва бош қўмондон қилиб тайинланди. Ҳукумат бошлиғининг ўринбосарлигига Монстров номзоди кўрсатилди. Генерал Муханов ҳарбий вазир, адвокат Нюнсберг Ички ишлар вазири, Ҳакимжон Азизхонов Молия вазири бўлди. Мадаминбек Фарғона водийсида Совет ҳукумати органларига муқобил бўлган сиёсий бошқарув тизимини жорий этди. Унинг ашаддий душмани бўлган Громатович Мадаминбек тузган ҳукумат ҳақида шундай ёзади:
“У бизнинг камчилик ва хатоларимиздан моҳирона фойдаланди. Ўз қўшинига ягона, уйишган ҳарбий қўшилма тусини бера олди. Унинг аскарлари орасида кучли ҳарбий интизом ўрната олди”.
Мадаминбек ҳарбий ва моддий ёрдам сўраб Бухоро амирлиги ва Афғонистон ҳукуматига ўз вакилларини юборди. Аммо, ҳеч қандай ёрдам ололмади.
Мадаминбекнинг маҳв этилиши
1920 йилнинг февралида совет қўшинлари Мадаминбек, Шермуҳаммадбек қўшинига қарши ўнлаб самолёт, бронепоезд, катта миқдордаги тўп пулемётлар билан ҳужумга ўтди. Ҳарбий ташаббус қўлдан кетганлигини пайқаган Мадаминбек ўз қўшини, йигитларини сақлаб қолиш мақсадида сулҳ тузишга мажбур бўлади.
1920 йил 6 март куни Мадаминбек ва Верёвкин-Рахалский ўртасида Скобелев шаҳрида яраш битими имзоланди. Тинчлик битимида қуйидагилар қайд этилган:
“Мен Муҳаммад Аминбек ўз қўшиним ҳамда ўзларининг батамом розиликларини шахсан менга изҳор қилган қўрбоши ва аъзоларим билан биргаликда тантанали қасамёд қиламанки, эндиликда Совет ҳокимиятини тан оламан.
Мен томонимдан тузилаётган битимнинг муҳим шартлари қуйидагилар ҳисобланади: қўшиним ўзим билан бирга бўлиши ҳамда менингсиз ҳеч қаёққа жўнатилмаслиги керак. Мободо Фарғона сарҳадларига ҳужум бошланса, шу заҳоти ўзимнинг йигитларим билан она еримни душманлардан муҳофаза қилишга киришаман”.
Қўрбоши таслим бўлган бўлса-да Большевиклар ундан ҳайиқишган. “Қизиллар” 1920 йил 9 апрель куни Мадаминбекнинг ҳаётига суиқасд уюштириб, уни жисмонан йўқ қилишди. Қўрбошининг тақдири масаласида тарихий манбаларда бир-бирига қарама-қарши маълумотлар берилади. Жумладан, Совет даврида ёзилган адабиётларда Мадаминбекни “сотқин” сифатида Шермуҳаммадбекнинг буйруғи билан Холхўжа томонидан отиб ташлангани таъкидланади.
Инглиз тарихчиси Гленда Фрезер ўзининг “Босмачилар” асарида шундай ёзади:
“Мадаминбек Шермуҳаммадбек олдига тинчлик миссияси учун жўнатилди. Шермуҳаммадбек Мадаминни айғоқчи сифатида 14 май куни отиб ташлайди”.
Аммо, бу фикрлар ҳеч қандай далил-асосга суянмайди. Турк тарихчиси Али Бодомчининг икки жилдлик “Қўрбошилар” асарида ёзишича Мадаминбекни Холхўжа ўлдирмаган. Турк тарихчиси қўрбошини Шермуҳаммадбек ўлдирган, деган фикрни ҳам рад этади. У Мадаминбекни ўлдирилишини Советлар уюштирганини асосли далиллар билан исботлайди. Бу ишни русларга сотилган Сойиб қори ва Лутфулло махдум амалга оширган. Али Бодомчининг таъкидлашича улар Мадаминбекни ўлдириб, сўнг Бухорога қочиб кетишган.
Шермуҳаммадбек ўз хотираларида Мадаминбекнинг ўлдирилиши ҳақида ёзиб қолдирган:
“Муҳаммад Аминбекнинг ўлганини, – деб эслайди Шермуҳаммадбек, – мен кеч эшитдим. Карбобога қайтканимиздагина бу ҳақда хабар ёпдик. Жанг пайтида унга ҳеч кўзим тушмади. Чунки, биз ҳаёт-мамот жангига кирган эдик. Холхўжа Муҳаммад Аминбекни асир олган пайтда уни аскарларидан Сойиб қори ва Лутфулло махдумга топширган эди. Улар қўрбошини ўлдириб Бухорога қочдилар. Муҳаммад Аминбекни мен ёки Холхўжа томонидан ўлдирилган деган фикр руслар томонидан бизга қарши қилинган ташвиқот эди”.
Мадаминбек юрт озодлиги ва истиқлоли учун курашиб, қурбон бўлди. Қўрбошининг қабри ҳозирги Қирғизистон Республикаси ҳудудида, Олой воҳасидаги Шиғай қишлоғидадир. Бу манзил ХХ асрнинг 20-йилларидан бошлаб ўзбек, қирғиз ва бошқа туркий халқларнинг зиёратгоҳига айланган. Қабр устига ўрнатилган мармартошда “Туринг бегим, гуноҳларни ювайлик, босқинчини Она юртдан қувайлик!” деган шеърий битик лотин имлосида ўзбек тилида ўйиб ёзилган. Шеърий матн остида қиличнинг расми акс эттирилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь