Финляндия Президенти Ўзбекистонга келди (видео)
Жамият
−
30 Октябрь 5251 1 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Финляндия Республикаси Президенти Александр Стубб кеча, 29 октябрь куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Қайд этилишича, олий мартабали меҳмонни Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев ва бошқа расмийлар кутиб олган.
Ташриф дастурига мувофиқ, Тошкент шаҳрида олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтади, уларда Ўзбекистон билан Финляндия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳаларда янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади.
Ўзаро савдо ҳажмини ошириш, қишлоқ хўжалиги, экология, кимё, энергетика, рақамлаштириш, тоғ-кон саноати ва бошқа инновацион тармоқларда кооперацияни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилади.
“Меҳнат миграцияси, маданият, таълим тизимига илғор технологияларни жорий этиш соҳаларида ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилади”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар, шу жумладан, кўп томонлама тузилмаларда ўзаро қўллаб-қувватлаш юзасидан ҳам фикр алмашилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Словакия Республикаси Президенти Петер Пеллегрини амалий ташриф билан Ўзбекистонга келган эди. Петер Пеллегрини фахрий меҳмон сифатида UNESCO Бош конференциясининг 43-сессиясида иштирок этади.
Live
Барчаси