FIFA ЖЧ иштирокчилари сонини 64 тага етказмоқчи

Спорт

image

FIFA президенти Жанни Инфантино келажакда Жаҳон чемпионатида иштирок этувчи миллий терма жамоалар сонини 64 тагача ошириш масаласи кўриб чиқилиши мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Унинг билдиришича, мазкур ғоя 2026 йилги Жаҳон чемпионати якунланганидан кейин муҳокама қилиниши мумкин.

“Фақат Европа ва Жанубий Америка эмас, балки бутун дунё Жаҳон чемпионати ҳақида орзу қила олиши керак”, дейди Инфантино.

FIFA раҳбари, шунингдек, АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлик қилаётган 2026 йилги мундиалда илк бор 48 та жамоа иштирок этаётганини “улкан муваффақият” деб баҳолаган. Унинг фикрича, барча қитъалар вакилларининг савияси сезиларли даражада ошиб бормоқда.

2026 йилги мусобақада иштирокчилар сони илк бор 48 тага етказилди. Бу ўзгариш плей-оффнинг қўшимча босқичини жорий этиш имконини берди ва умумий ўйинлар сонини 104 тага оширди.

Агар 64 жамоали формат тасдиқланса, Жаҳон чемпионати иштирокчилари сони қисқа вақт ичида 32 тадан 64 тагача, яъни икки баробарга кўпайган бўлади. Бироқ Инфантино бу тизим қачон жорий этилиши ва мусобақа қай тарзда ташкил этилиши ҳақида аниқ маълумот бермаган.

Айни пайтда 2026 йилги Жаҳон чемпионати ярим финалида Франция – Испания ва Аргентина – Англия баҳслари бўлиб ўтади. Мусобақа тарихида илк бор FIFA рейтингидаги энг кучли тўртта терма жамоа ярим финалга йўл олди.

Ярим финал учрашувлари 14-15 июль кунлари ўтказилади. Учинчи ўрин учун баҳс 18 июль куни Майамида бўлиб ўтса, финал 19 июль куни Нью-Жерсидаги “МетЛайф” стадионида ўтказилади.

Маълумот учун, навбатдаги 2030 йилги Жаҳон чемпионати Испания, Португалия, Марокаш, Аргентина, Парагвай ва Уругвай мезбонлигида бўлиб ўтади. Очилиш учрашуви Монтевидеодаги машҳур “Сентенарио” стадионида ташкил этилади. Барча олти мезбон давлат тўғридан тўғри финал босқичига йўлланма олади. Бу Жаҳон чемпионати тарихида илк бор уч қитъа – Европа, Африка ва Жанубий Америкада бир вақтнинг ўзида ўтказиладиган мундиаль бўлади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг